Маҳаллий нашрларнинг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази болалар хирургияси бўлими шифокори Дониёр Асадуллаевга таяниб хабар беришича, “айни пайтда бола вужудида 3та игна унинг ҳаётига хавф солмайдиган жойларда турибди. Тиббий таҳлилларга кўра, ҳозирча ушбу игналарнинг бола соғлиғига салбий таъсири мавжуд эмас. Агар у болани безовта қилса, келгусида операция йўли билан олиб ташлаш мумкин. Азизбек уйига қайтгач, ҳудудий шифокорлар назорати остида бўлади”.
Эслатиб ўтамиз, 17 январь куни Фарғона вилояти Тошлоқ туманида туғилган Азизбек Абдумажидов баданида 16та пўлат игна борлиги аниқланиб, оғир аҳволда Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган ва 9 соат давом этган жарроҳлик амалиёти пайтида бола танасидан 13та игна олиб ташланган эди.
Жарроҳлик амалиётидан сўнг чақалоқ кома ҳолатига тушиб қолганди. Марказ шифокори Озодликка пўлат игналар бола танасида 2 ой муқаддам пайдо бўлгани аниқлангани ҳақида айтган эди. Улар боланинг йўғон ичак қисмида, сийдик қопи, кўкрак қафасида, боланинг бўйин қисмида, умуртқа поғонасида, юрак остида топилган.
Бола танасига игналар қандай тушиб қолгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Шифокорлар 11 ойлик чақалоқ ҳеч қачон бунча кўп металлни ютиб юборолмаслиги, қизилўнгач ва ошқозонда ҳеч қандай жароҳат аломати йўқлигини қайд этишди. Мазкур иш юзасидан ҳуқуқ-тартибот тузилмалари тергов олиб бораётгани ҳам хабар қилинган.