Ссылки доступа

Ўзбекистонда МХХ Давлат хавфсизлик хизматига ўзгартирилди


Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14 март куни Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади. Хизмат эндиликда Давлат хавфсизлик хизмати деб юритилади.

Ҳужжатда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати мамлакатнинг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, иқтисодий яхлитлиги, иқтисодий ва мудофаа салоҳиятини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш тизимида алоҳида ўрин тутиши қайд этилган.

Қуйидагилар хизматнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналиши этиб белгиланди: давлат хавфсизлиги ва республика манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилишни таъминлаш, разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш, давлат чегарасини қўриқлаш ва муҳофаза қилиш, шунингдек, террорчилик, уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 31 январда Шавкат Мирзиёев генерал Рустам Иноятовни истеъфога чиқарди. Иноятов 23 йил давомида махсус хизматларга раҳбарлик қилган эди. Ихтиёр Абдуллаев МХХнинг янги раиси этиб тайинланди. Абдуллаев бу тайинловга қадар Ўзбекистоннинг бош прокурори бўлиб ишлаган.

Жорий йилнинг бошида Шавкат Мирзиёев ўзбек махсус хизматларини ғазаб билан танқид қилди ва уларнинг фаолиятини 1937 йилдаги қатағонларга қиёс қилди. Бугунги кунга келиб, ўзбек махсус хизматларининг кўплаб юқори лавозимли зобитлари истеъфога чиқарилган ёки қамоққа олинган.

XS
SM
MD
LG