Ссылки доступа

Қозоғистон собиқ иқтисод вазири 10 йилга қамоққа ҳукм қилинди (видео)


Коррупцияда айбланган Қозоғистон собиқ миллий иқтисод вазири Қуандиқ Бишимбаев Остона суди томонидан 14 март куни давлат маблағларини ўзлаштириш ва пора олишда айбдор деб топилди ва 10 йил озодликдан маҳрум қилинди.

Остона шаҳридаги жиноий ишлар бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суд қарорига кўра Бишимбаев умрбод давлат мансабларини эгаллашдан маҳрум қилинди. Суд шунингдек, Қозоғистон президенти номига Бишимбаевни «Қурмет» орденидан маҳрум қилиш ва жиноий йўллар билан топилган пулларга қўлга киритган мол-мулкини мусодора қилиш борасида мурожаатнома йўллади. Бишимбаевга жазо муддатини ўташ 2017 йилнинг 10 январидан бошланади, деди ҳукмни ўқиган судья Адилхан Шайхисламов.

Суд жараёнида прокурорлар 19 феврал куни суддан Бишимбаевни айбдор деб топиб, унга мол-мулки мусодара қилиниши билан 12 йил қамоқ жазоси берилишини сўраган эди. Собиқ вазирнинг онаси Альмира Нурлибекова прокурорларнинг 12 йил қамоқ муддати берилиши борасидаги сўровини “шахсни ҳақоратлаш” дея атади, ҳамда суддан «адолатли бўлишга» ва ўғлини оқлашга чақирди.

Бишимбаевга қўйилаётган айблар у «Байтерек» холдингини бошқарган даврга тўғри келади. Терговчи ва прокурорларнинг версиясига кўра, Бишимбаев, холдинг раҳбари бўлган вақтида, Қизил Ўрда шаҳридаги ойна заводи қурилишига ажратилган «миллиардлаб тенгени ўзлаштириш мақсадида жиноий схема ташкил этган», ҳамда “қурилиш компанияларидан уларга буюртма бериш эвазига пора олган».

38-ёшли Бишимбаев 2017 йилнингянварида аксилкоррупция хизмати томонидан ҳибсга олинган. 31 октябрь куни дастлабки эшитувларда у айбсиз эканини айтган эди. Суд жараёнида Бишимбаев Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевдан кечирим сўрашини айтди. У билан бирга қора курсида ўтирганларнинг айримлари эса, ўзларига билдирилган айбловларни тан олиб, прокурорлар билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган.

XS
SM
MD
LG