Ссылки доступа

Тожикистон авиакомпанияси Россия шаҳарларига парвозларни тўхтатишга мажбур бўлди


«Сомон Эйр» авиакомпанияси ўз йўловчиларини, 2 апрелдан бошлаб Душанбе ва Хўжанддан Россиянинг 7та шаҳрига парвозлар тўхтатилиши эҳтимолидан огоҳлантирди.

Авиакомпания раҳбарияти буни 31 март куни Росавиациядан телеграмма олганидан сўнг кўрилаётган мажбурий чоралар эканини билдирди.

«Сомон Эйр» маълумотига кўра, парвозлар тўхтатилиши борасидаги рўйҳатга Душанбе ва Хўжанддан Екатеринбург, Иркутск, Қозон, Краснодар, Красноярск, Санкт-Петербург ва Сочи йўналишлари кирган. Бундан ташқари апрель ойи бошларида Хўжанддан Москвага бориш ва қайтишга берилган руҳсатнома муддати ҳам тугайди.

Телеграммада, жумладан, «Россия Федерацияси транспорт вазирлиги Тожикистон «Уральские авиалинии»нинг Тожикистон ҳудудларига тўла ҳажмда парвозлари борасидаги аризасини қаноатлантирмагани боис тожик авиаташувчиларига маълум йўналишлар бўйича фаолият юритишига руҳсат бермаслиги” таъкидланади. Шу тариқа «Сомон Эйр»нинг айрим шаҳарларга парвози 2 апрель куни соат 00:01дан бошлаб тўхтатилади.

Душанбе-Москва-Душанбе, Душанбе-Новосибирск-Душанбе, Хўжанд-Новосибирск-Хўжанд, Хўжанд-Краснодар-Хўжанд ва Кулоб-Москва-Кулоб йўналишлари бўйича парвозлар жадвал бўйича амалга оширилади. Авиакомпаниянинг маълум қилишича, чипта сотиб олган йўловчиларнинг ҳаммасига маблағлар қайтарилади.

Россия ва Тожикистон авиация расмийлари ўртасидаги можаро 12 март куни Тожикистон томони «Уральские авиалинии» авиакомпаниясига Пермдан Душанбега парвоз учун руҳсат бермаганидан сўнг бошланди. Бунга жавобан Россия транспорт вазирлиги Тожикистон авиаташувчиларига “акс чоралар” кўриш борасида пўписа қилди.

XS
SM
MD
LG