Ссылки доступа

Жиззахда боғча болаларини урган "олий маълумотли педагог" ишдан олинди (видео)


Ижтимоий тармоқларга тушган видеода боғча болаларини калтаклаётгани акс этган тарбиячи аёл ишдан бўшатилди. Бу ҳолат, Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига сафари арафасида, шаҳардаги 39-боғчада содир бўлган ва болаларни урган тарбиячининг 37 яшар олий маълумотли педагог экани аниқланган.

Видеони ушбу боғчада амалиёт ўтаётган талаба суратган олган ва тармоқларда тарқатган. Айтилишича, бу талаба Жиззах давлат педагогика институти 1-босқич талабасидир.

Маҳаллий нашрларга кўра, шундан сўнг Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги (МТВ) бу видео туширилган боғчани аниқлаш учун тезкор текширув ўтказган. Аниқланишича, видео шу йилнинг 27 мартида Жиззахдаги 39-сонли "Наврўз" боғчасида олинган.

МТВ матбуот хизиматига таяниб берилган хабарга кўра, болаларни папка билан ураётган тарбиячининг шу боғчада 2007 йилдан буён ишлаётган олий маълумотли педагог, 37 яшар Моҳира Маматқулова экани аниқланган.

"Суриштирув давомида ҳодиса содир бўлган куни оилавий муаммолари сабабли кайфияти бўлмаган. Тарбиячи М.Маматқулованинг 11 йиллик иш фаолияти давомида камчиликлар кузатилмагани маълум қилинди", дея хабар қилди ОАВлар.

Маълум қилинишича, айни пайтда бу тарбиячининг иши прокуратурага оширилган. У билан боғча маъмурияти ўртасида тузилган меҳнат шартномаси ҳам бекор қилинган. Шунингдек, МТВ боғчанинг 3 мулозимини ишдан бўшатган.

XS
SM
MD
LG