Ссылки доступа

Тожикистонда “милиция қийноқларидан сўнг” ҳалок бўлган автомеханикнинг ўлими тергов қилинмоқда


Абдурасул Назаров
Абдурасул Назаров

Душанбе шаҳридаги Сино-2 милиция бўлимида вафот этган Абдурасул Назаровнинг қариндошлари Тожикистон бош прокуратураси раҳбарияти билан учрашишга ҳаракат қилмоқда.

Душанбе шаҳар прокуратураси ўтган ойнинг охирларида Ички ишлар вазирлигининг Сино-2 бўлими ходимлари томонидан ушланганидан сўнг вафот этган Абдурасул Назаровнинг ўлими юзасидан терговга қадар суриштирув ишларини олиб бормоқда. Манбанинг 2 апрель куни маълум қилишича, текширув жараёнлари пойтахт прокурорининг шахсий назоратига олинган.

«Абдурасул Назаровнинг ўлими юзасидан ҳозирча жиноий иш қўзғатилмаган. Айни дамда терговчилар милиция ходимлари, шифокорлар ва марҳумнинг қариндошларини сўроқ қилмоқда. Терговга қадар текширувлардан сўнг жиноий иш қўзғаш ёки жиноий иш очишдан воз кечиш борасида қарор қабул қилинади», - дейди манба.

Автосервис механиги Абдурасул Назаров 28 март куни милициянинг Душанбе шаҳридаги Сино-2 бўлимининг икки ходими томонидан ушланди. Кейинроқ Абдурасул Назаровнинг калтак излари бўлган жасади Миллий тиббиёт маркази травматология бўлими шифокорлари томонидан қариндошларига топширилди. Тиббиёт муассасининг қабул бўлимида Назаров клиник ўлим аломатлари билан ИИВнинг Сино-2 бўлимидан 28 март куни кечқурун олиб келинганини айтишди.

Тергов органларидаги манбанинг айтишича, Абдурасул Назаров унинг қариндошларидан бирининг ёнидан бир неча грамм гиёҳванд модда топилганидан сўнг ҳибсга олинган. «Қариндоши гиёҳванд модда Абдурасулга тегишли эканини айтди. Милиция ходимлари Назаровни сўроқ учун Сино-2 бўлимига олиб келган. Учраштирилганда Назаровнинг қариндоши ўз кўрсатмасини такрорлади. Шундан сўнг Абдурасул Назаровда юрак хуружи юз берди ва у вафот этди», - дейди манба.

Бироқ марҳумнинг рафиқаси Садбарг Бобохонова қатъи\ян бу талқинни инкор қилди ва эри юрагидан шикоят қилмаганини, мутлақо соғлом бўлганини таъкидлади. Назаровнинг қариндошлари унинг ўлими сабабларини объектив тергов қилиниши ва “қийноқлар” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилишини талаб қилишмоқда.

XS
SM
MD
LG