Ссылки доступа

Собиқ Миллий хавфсизлик хизмати генерали Ҳаёт Шарифхўжаев ушланди


Жума, 30 март, тушдан кейин Ўзбекистон собиқ Миллий хавфсизлик хизмати (ДХХ) генерали, шахсий таркиб хавфсизлигини таъминловчи назорат хизматини 2015 йилгача бошқарган Ҳаëт Шавкатович Шарифxўжаев ушланди.

51 яшар Ҳаёт Шарифхўжаев Бош прокуратура топшириғи билан Ички ишлар вазирлиги оператив гуруҳи аъзолари томонидан ҳибсга олингани тўғрисида Шарифхўжаевни ҳибсга олиш амалиётида бевосита иштирок этган Ички ишлар вазирлигининг зобити исмини сир сақлаш шарти билан маълум қилди.

Айни хабарни Бош прокуратура терговчиларидан бири ҳам тасдиқлади. Икки манбага кўра, 2 апрель кечга яқин ДХХ генерали Ички ишлар вазирлиги биносининг ертўласида ушлаб турилибди. Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ходими Ҳаёт Шарифхўжаевнинг ҳибсга олинганига оид саволга “бизда маълумот йўқ,” деб жавоб қайтарди.

Бош прокуратура терговчисининг билдиришича, мамлакат собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров ва Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари Мирағлам Мирзаев устидан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ҳибсга олинган. Ҳаёт Шарифхўжаев Тошкент шаҳар Чилонзор туман солиқ департаменти собиқ бошлиғи Зиёдулла Иноғомовнинг берган кўрсатмаси асосида ҳибсга олинган.

– Ҳаёт Шарифхўжаев обнал қилганларга криша бўлган. Унга қарши Зиёдулла (Иноғомов – таҳр.) показание берган. Ана ўшандан кейин биз Ҳаётни ичкарига олдик,”– деди Ички ишлар вазирлиги зобити.

ДХХ генерали Ҳаёт Шарифхўжаев сўнгги уч йил ичида иккинчи бор ҳибсга олинмоқда. 2015 йил баҳорида коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришда гумонланган Ҳаёт Шарифхўжаев устидан тергов иши қўзғатилган, ўша пайтда унинг ҳибсга олингани хабар қилинган, лекин қачон қўйиб юборилгани номаълум қолган эди.

XS
SM
MD
LG