Ссылки доступа

Душанбе авиаможаро санкцияларсиз ҳал бўлиши тарафдори


Душанбе ва Москва ўртасида давом этаётган авиаможаро фонида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот бериб, тожик томони юзага келган баҳслар санкциялар қўллаш ёки санкция жорий этиш пўписаси орқали эмас, балки маслаҳат учрашувлари ва музокаралар орқали ҳал этилиши тарафдори эканлигини билдирди.

Мамлакат ташқи сиёсат маҳкамасининг 3 апрель куни берган расмий баёнотида, Душанбе босим ўтказиш услубидан фойдаланиш самара бермаслигини ва Россия авиация расмийлари томонидан кўрилаётган чора-тадбирлардан хавотирга тушаётганини, бу ҳар икки томоннинг авиакорхоналарига иқтисодий зарар етказилишини қайд қилган.

ТИВнинг таъкидлашича, Тожикистон шартномалар асосида ўз зиммасига олган мажбуриятларни сўзсиз бажарилиши ва Россия Федерацияси авиация расмийлари билан ўзаро манфаатли ва мустаҳкам ҳамкорлик қилиш тарафдоридир.

Баёнотда қайд қилинишича, айни дамда мамлакатлар ўртасидаги авиаташувлар бозоридаги хизматларнинг 60 %дан кўпроғи Россия авиаташувчилар ҳисасига тўғри келади.

«Мамлакат ҳукумати томонидан Фуқаро авиация Агентлиги ташкил этилган. Ташкилий ишлар муносабати билан тожик томони Россия авиаташувчиларига парвозларни амалга ошириш учун рухсат бериш ва тасдиқлаш масалаларни кўриб чиқиш вақтинча тўхтатилган», - дейилади баёнотда.

Бугун Тожикистон делегацияси авиапарвозлар масаласида музокаралар ўтказиш учун Москвага учиб кетиши керак, деди Тожикистон Фуқаро авиацияси Агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари Азиз Набизода 2 апрель куни. Унинг сўзларига қараганда, делегация таркибида Тожикистон авиакомпаниялари, транспорт вазирлиги, ТИВ ва Адлия вазирлиги вакиллари бор.

XS
SM
MD
LG