Ссылки доступа

Россиядан чиқариб юборилган тожикистонликлар Ўзбекистон билан чегарадан иш топди


Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида ўтган ойда очилган НЎП ҳамда икки мамлакат фуқароларининг визасиз борди-келди режимининг жорий қилиниши ТР Хатлон вилояти Шахритуз туманида истиқомат қилувчи ўнлаб аҳолининг иш топишига ёрдам берди.

Ўтган ойда Россиядан чиқариб юборилган 24-ёшли Алламуроднинг айтишича, Тожикистоннинг Хатлон вилоятини Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти билан боғловчи “Гулбаҳор” НЎПнинг очилиши билан ўзига автомобиль сотиб олган ва хусусий киракашлик билан шуғулланмоқда.

– Ҳар куни 100 сомони (10 доллардан кўп) ёки 100 минг сўм ишлаяпман. Мен йўловчиларни туман марказидан чегарагача олиб бораяпман. Ортга қайтишимда эса ўзбекистонлик меҳмонларни Шахритузга олиб келаяпман. Россиядан мен сингари чиқариб юборилган маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам хусусий киракашлик билан шуғулланишмоқда. Йўловчилар кўп. Ҳам биз, ҳам улар хурсанд, – дейди Алламурод Рўзиев.

Алламурод Рўзиев сингари киракашлик қилаётган Шахритузда истиқомат қилувчи 27-ёшли Фаҳриддин Норматов ҳам шу йўл орқали пул топмоқда. "Бир кунда икки марта Ўзбекистон чегарасига бораман. Топган пулларим кундалик турмуш ҳаражатларига етмоқда", – дейди Фаҳриддин.

Шахритуз туманидан “Гулбаҳор” НЎПигача масофа 70 километрни ташкил қилади. Расмий маълумотларга кўра, ҳар куни мазкур НЎП орқали 400 киши ўтмоқда.

Тожикистонлик шарҳловчи Азиз Фаттоҳнинг айтишича, икки мамлакат ўртасида темирйўл ва автобус қатновлари йўлга қўйилгач ўзбек-тожик чегарасиданўтувчилар сони саноқли кунлар ичида бир неча ўн баробар ошди. Бундан ташқари маҳаллий бозорлардаги нархлар тушиб кетди, дейди Азиз Фаттоҳ.

XS
SM
MD
LG