Ссылки доступа

Ўзбекистонда Мирзиёев топшириғига кўра 45 кунда қирғизларнинг Манас қишлоғи қайта қурилди (видео)


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра Дўстлик туманидаги Манас қишлоғи 45 кун ичида бутунлай қиёфасини ўзгартирди. Президент матбуот хизмати қишлоқнинг таъмирлашдан аввалги ва кейинги аҳволи акс этган видеони эълон қилди.

2018 йилнинг февралида нураган бинолари ва сув остида қолган йўллари билан қишлоқ ташландиқ аҳволда эди.

«Фуқароларимиз шу каби шароитларда яшашлари биз учун оғриқлидир. Мен Манас мисолида бизнинг олдимизда қандай мақсадлар турганини кўрсатмоқчиман. Оғир ва мураккаб бўлади… Агар биз энг мураккаб қишлоқдан ишни бошламас эканмиз одамлар бизга ишонишмайди. Ҳеч қачон ишонишмайди», - деган эди икки ой муқаддам Мирзиёев.

Шундан сўнг қишлоқдаги уй ва бинолар бульдозерлар билан бузила бошланди, уларнинг ўрнида икки қаватли кўп хонадонли уйлар қурилди. Манасда замонавий болалар боғчаси, поликлиника, спорт майдончаси қурилди ҳамда жун ва терини қайта ишловчи корхона қурилди.

«Мен “Обод қишлоқ” дастурини бекорга Манасдан бошламадим. Чунки бу ерда оқибатли одамлар яшайди, аҳолиси меҳнатсевар», - деди Ўзбекистон президенти.

30 март куни Шавкат Мирзиёев қайта қурилган қишлоққа ташриф буюрди. У агросаноат комплекси ва озиқ-овқат кластери, туя сути билан даволаш йўлга қўйилган клиникага алоҳида эътибор қаратди.

Матбуот хизмати маълумотига кўра, туман марказидан узоқда бўлган Манас қишлоғи ўтган асрнинг 60 йилларида қад ростлаган. Бугунги кунда қишлоқда 6,5 мингдан ортиқ киши истиқомат қилади. ОАВнинг ёзишича, қишлоқда асосан этник қирғизлар яшайди.

XS
SM
MD
LG