Ссылки доступа

МХХ раисининг ўғлига мамлакатдан чиқиш тақиқланди


Собиқ МХХ раиси Рустам Иноятовнинг 43 яшар ўғли Шариф Иноятов ҳамда Давлат Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг 40 яшар ўғли Бобур Парпиевни мамлакатдан чиқармаслик ҳақида Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари компьютер тармоғида белги пайдо бўлди.

Бу маълумотни Озодликка Чегара қўшинлари зобити сиздирди.

Orient Finans Bank бошқарувига яқин мулозимнинг айтишича¸ банк бошқаруви раиси Бобур Парпиев жорий йилнинг 30 мартида Тошкент халқаро аэропортидан чегарани кесиб ўтмоқчи бўлганида ДХХ чегара қўшинлари зобити талаби билан орқага қайтарилган. Мулозимга кўра¸ Бобур Парпиев бемалол уйига қайтиб ўз фаолиятини давом эттираверган.

Суҳбатдош таъкидига кўра, “Парпиевга нисбатан ҳуқуқ -тартибот органлари тарафидан бошқа чекловлар қўлланилмаган".

Бу воқеадан ҳабардорлигини 2 апрелдаги суҳбатда билдирган ИИВ мулозимига кўра¸ республикадан қуритилган мева экспорт қиладиган Uzgardens ширкати ҳиссадори тадбиркор Шариф Иноятов ва Orient Finans Bank бошқарув раиси Бобур Парпиевларга бир вақтнинг ўзида “мамлакатни тарк қилишига чеклов” қўйилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига яқин мулозимнинг айтишича¸ “ Устидан жиноий иш очилиб ҳибсда қолаëтган собиқ Бош прокурорнинг ўғли Алишер Қодировнинг қочиб кетгани ҳамда айни жиноий иш доирасида ҳибсга олинган Тошкент шаҳар прокурори биринчи ўринбосари Мирағлам Мирзаевнинг ўғли Абдурашид Мирзаевнинг қочишга уринган пайтда қўлга олиниши ортидан гувоҳларнинг шаҳарни тарк этмаслик масаласига эътибор кучайган”.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ходими Озодлик саволига жавобан: “Бу маълумот Бош прокуратура матбуот хизматига етиб келмади. Шундай маълумот келиши билан¸ агар лозим топсак, прокуратура сайтида тақдим қиламиз”, деди.

XS
SM
MD
LG