Ссылки доступа

Тожикистонда интернет-трафикка давлат монополияси тан олинмаяпти


Тожикистон Монополияга қарши хизмати мамлакат мобил операторлари Ассоциациясига йўллаган мактубида интернет-трафикларни фақатгина давлатга тегишли «Таджиктелеком» компаниясидан харид қилиш борасида бирор бир фармойиш йўқлигини ва бу каби талаблар асоссиз эканини маълум қилди.

Бир ой муқаддам Тожикистондаги тўртта мобил алоқа операторлари - Tcell, «Билайн», Babilon ва Мегафон мамлакат Антимонополия хизматига мурожаат қилиб интернет трафикларини мобил компаниялари ва провайдерларига фақатгина давлатга тегишлим“Таджиктелеком” компанияси сотиш борасида берилган ҳуқуқ юзасидан тушунтириш берилишини сўрашган эди.

Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги алоқа хизмати барча провайдерларга Интернетни фақат «Точиктелеком» телекоммуникациялар оператори ОАЖ ва Тojnet савдо маркаси остида фаолият юритадиган Республика тармоқ маълумотларидан олишни тавсия қилган эди. Унга қадар провайдерлар Интернетни Қирғизистон ва бошқа мамлакатлардан олишарди.

Мобил компаниялари ва Интернет-провайдерлар Алоқа хизматидан шу йилнинг январь ойи бошларида бу фармойишни олишган эди. Бу каби чоралар мамлакат хавфсизлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётгани айтилмоқда. Мобил операторлари бу фармойишдан ўзларининг эътирозларини билдирдилар, чунки улар Интернетни хориждан жуда ҳам арзонга олишар эди, эндиликда бу соҳа давлат тузилмаси томонидан монополия қилинмоқда.

Тожикистон мобил операторлари Ассоциацияси раҳбари Ғофур Иркаевнинг 3 апрель куни айтишича, улар антимонополия хизматидан ўтган ҳафтада жавоб олишган. Унинг сўзларига қараганда, миллий провайдернинг интернет-трафик сотиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши, мобил операторлари аввалгидек трафикларни хориждан сотиб олиш имкониятини беради.

XS
SM
MD
LG