Ссылки доступа

Қозоғистонда ҳуқуқ ҳимоячилари ОАВ учун давлат буюртмаси суммасини аниқлай олишмади


Остонадаги Апелляция суд Ҳайъати “Ҳуқуқий Медиа Марказ” жамоат жамғармасининг Қозоғистон Ахборот ва коммуникациялар вазирлиги устидан берган даъво аризасини қаноатлантирмаслик борасида қуйи суд инстанциялари томонидан чиқарилган қарорни ўзгартишсиз қолдирди.

25 январь куни Остонадаги туманлараро иқтисодий суд судьяси Нариман Бекназаров "Ҳуқуқий Медиа Марказ”нинг вазирлик устидан берган даъво аризасини қаноатлантиришдан воз кечган эди. Жамғарма ўтган йили Қозоғистондаги ҳар бир ОАВга давлат буюртмаси доирасида бюджетдан қанча маблағ ажратилгани ва бу маблағларни сарфлаш борасида маълумот бермаслик қонунга зид эканлигини айтиб вазирлик устидан судга мурожаат қилган эди.

Суд чиқарган хулосага кўра, учинчи шахслар сўрови бўйича вазирлик томонидан оммавий ахборот воситаларининг номини ва давлат буюртмаси доирасида ажратилган маблағларни ошкор этилиши “бу каби буюртмаларни олган ОАВнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларига хилоф экан”.

"Ҳуқуқий Медиа Марказ” ҳуқуқшуноси Гулмира Биржанованинг сўзларига қараганда, жамғарма апелляция судининг қароридан норози ва Олий судга мурожаат қилади.

2017 июлида Ахборот ва коммуникациялар сайтида республика даражасида давлат ахборот сиёсатини юритишда давлат буюртмаси якунларининг протоколини эълон қилган эди. Бироқ давлат бюджетидан кимлар икки миллиард тенгедан ортиқ маблағ олгани борасида вазирлик маълумот беришдан воз кечди.

XS
SM
MD
LG