Ссылки доступа

Ўзбекистонда Адлия вазирлиги ўпишаëтганларни таъқиб қилган “MY5” телеканалига танбеҳ берди (видео)


3 апрель куни Ўзбекистон Адлия вазирлигининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси “Менинг юртим” (MY5) телеканалига фуқароларнинг шахсий ҳаëтига ўзбошимчалик билан аралашиш мумкин эмаслиги ҳақида расмий огоҳлантирув хати юборди.

Аввалроқ телеканал журналистлари пойтахт паркларида ўпишаётган ёки қучоқлашиб ўтирган ёшларни яширин камерага туширишган эди. Ушбу ТВ лойиҳа муаллифи ва бошловчиси “дастур ахлоқсизликни тарғиб қилаётган ёшларнинг ҳаракатларини кўрсатиш учун яратилгани”ни баён қилди.

1 апрель куни MY5 телеканалида намойиш этилган “Яширин камера” кўрсатувида фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқлари бузилганлиги Адлия вазирлигининг эътирозларига сабаб бўлди. Адлия вазирлиги телеканал раҳбариятини Ўзбекистон қонунларининг баъзи талаблари ҳақида огоҳлантиришни лозим топди.

"Шу билан бирга, “Журналист касбий фаолиятини муҳофаза қилиш тўғриси”даги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, профессионал фаолиятини амалга ошириш пайтида, журналист шахс ҳуқуқлари ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур”, – дейилади Адлия вазирлигининг хатида.

Бу идорадагилар MY5 журналистлари томонидан таъқиб қилинган ёшларнинг ҳаракатида бирор қонун бузишлар учрамаганлигини таъкидлашаяпти, “аксинча, телеканал ходимларининг ҳаракатлари уларнинг профессионал тайёргарлиги етарли даражада эмаслигини кўрсатди”- дейилади хатда.

Кўрсатув бошловчиси Бадриддин Ҳусниддинов ҳеч кимнинг шахсий ҳаётини бузмагани, у тайёрлаган кўрсатув қаҳрамонларининг юзлари яширилганини баён қилди. 22 ёшли кўрсатув бошловчиси Тошкент паркларида севишган жуфтликларни суратга олиш ва ҳар ҳафтада уларни телевидение орқали кўрсатишни давом эттиришини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG