Ссылки доступа

Остона Аблязовга нисбатан топ-менеджерни ўлдиришни “ташкиллаштириш” бўйича иш очди


Қозоғистон бош прокуратураси баёнот бериб, собиқ банкир ва президент Нурсултон Назарбоевнинг танқидчиси бўлмиш Мухтор Аблязовга нисбатан 2004 йилда «ТуранАлем» банкининг топ-менеджери ва эгаси бўлмиш Ержан Татишевни ўлдиришни ташкиллаштириш бўйича жиноий иш очилганини маълум қилди.

Мухтор Аблязов бундан аввал ижтимоий тармоқларда бир неча бор баёнот бериб Татишевнинг ўлимига мутлақо алоқаси йўқлигини айтган эди. У шунингдек, тадбиркор, “Казстройстекло” заводининг эгаси Муратхан Токмади билан шахсан таниш эмаслигини ҳам айтди. Маълумки, Токмади “буюртма” асосида Ержан Татишевни ўлдирганликда айбдор деб топилиб, ўтган ойда Тараз суди томонидан ўн ярим йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Бош прокуратуранинг «Мухтор Аблязовни экстрадиция қилиш ва кейинчалик жавобгарликка тортиш масаласи Қозоғистон қонунчилиги ва халқаро шартномалар асосида судга қадар тергов доирасида амалга оширилади», деган хабарини Bnews.kz. сайти эълон қилди.

2017 йилнинг апрелида Аблязов хорижда истиқомат қилувчи қозоғистонлик мухолифатчилар билан биргаликда «Демократический выбор Казахстана» (“Қозоғистон Демократик Танлови-ҚДТ) ҳаракатини тузди. У ҳаракатнинг мақсади “Қозоғистонда демократик ислоҳотлар ўтказишдан иборат эканини” маълум қилди. Остона суди 13 март куни ҚДТ фаолиятини Қозоғистон ҳудудларида тақиқлади ва ҳаракат фаолиятини «экстремистик» дея эълон қилди.

Миллиардлаб долларни ўзлаштирганликда гумон қилиниб Қозоғистон, Россия ва Украина томонидан қидирувга берилган Аблязов 2009 йилдан бери хорижда яшайди. У ўзига нисбатан қўйилган айбларни инкор қилади ва ўзига қўйилган айбловлар сиёсий мақсадларни кўзлашини айтади. 2017 йил июнида Қозоғистон суди уни сиртдан 20 йил қамоққа хукм қилди, у бир қатор айбловлар, жумладан “уюшган жиноий тўда тузиш” ва “маблағларни ўзлаштириш”да айбдор деб топилди.

XS
SM
MD
LG