Ссылки доступа

Туркман талабалари Белорусдаги тиббиёт университетидан ҳайдалиши мумкин


Таълим учун ота-оналари томонидан юборилган пуллар Туркманистон банклари томонидан ўтказиб берилмаётгани боис Белорус давлат тиббиёт университетида таҳсил олаётган туркманистонлик талабалар ўқишдан ҳайдалишлари мумкин.

«Биз ўқиш учун 20 февраль куни Туркманистон банклари орқали ҳақ тўладик, бироқ Туркман банклари ҳамон пулларимизни Беларус университетидаги ҳисобимизга ўтказмади. Университет пуллар 1 апрелгача ўтказилишини талаб қилган. Жума куни бизни ўқишдан ҳайдашади», - дейди 42 нафар талаба номидан гапирган талаба қиз.

Унинг сўзларига қараганда, талабалар Туркманистон банклари билан боғлана олмаяпти, Туркманистоннинг Минскдаги элчихонаси эса талабаларга ёрдам беришни истамаяпти.

«Банкка қўнғироқ қила олмаяпмиз. Энг асосийси Минскдаги элчимиз бизга ёрдам бермаяпти. У фақат давлатлар ўртасидаги келишув асосида ўқишга келган талабаларгагина ёрдам бермоқда. Элчининг айтишича, муаммоларимизни ўзимиз ҳал қилишимиз керак экан. Муаммо билан тўқнаш келган талабалар 40 кишидан ошади. Улар орасида уч ойдан кейин ўқишни тугатадиганлар ҳам бор. Аммо пул ўтказиб берилмагани учун улар ўқишдан ҳайдалиши мумкин», - дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган талаба қиз.

Унинг айтишича, талабаларнинг ота-оналари ўқув семестри учун Туркман банклари орқали 2 минг АҚШ долларидан жўнатишган. Пул давлатга тегишли «Халк банк» ва «Дайхан банк»лари томонидан ўтказилган.Азатлық Радиоси бу банклар билан боғланди, аммо молиявий муассаса вакиллари бирор бир тушунтириш беришдан воз кечишди.

Туркманистоннинг Минскдаги элчихонаси ҳам вазиятга изоҳ беришмади, фақат ҳеч нарсани билмасликларни айтишди.

XS
SM
MD
LG