Ссылки доступа

Остона Душанбега Қайрақум сув омборидаги сувлардан оқилона фойдаланишга ёрдам беради


Қозоғистон Тожикистонга Қайрақум сув омборидаги сувдан оқилона фойдаланиш борасидаги келишувни тақдим қилди. Марказий Осиёдаги мазкур мамлакат халқ тилида “Тожик денгизи” деб аталмиш сув омборидаги сув ресурсларидан фойдаланишни истамоқда.

Мамлакатнинг тегишли муассасалари айни дамда Остонанинг таклифини ўрганмоқда. Бу масала 4 апрель куни парламент мажлисида кўтариб чиқилди. ТР энергетика ва сув ресурслари вазирининг биринчи ўринбосари Султон Раҳимзоданинг айтишича, Қозоғистон фақат “Тожик денгизи”даги сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида ёрдам беришни таклиф қилмоқда. Унинг сўзларига қараганда, шу каби қизиқиш Ўзбекистон томонидан ҳам илгари сурилган ва айни дамда ишчи гуруҳи тегишли Келишувни тайёрлаш билан шуғулланмоқда.

​«Битим Тожикистон томонидан сувларни сотишни назарда тутмайди. Қозоғистон ва Ўзбекистон ёз даврида Қайрақум сув омборида кўпроқ сув тўплаш масаласида ўз ёрдамларини таклиф қилмоқда. Бу катта маблағ талаб қилади, Тошкент ва Остона бу маблағларни Тожикистон томонига беришга тайёр эканликларини билдиришди», - деди Султон Раҳимзода.

Унинг сўзларига қараганда, ҳар йили табиий офатлар вақтида, жумладан сув тошқинлари вақтида, Қозоғистон ва Ўзбекистон Тожикистонга инсонпарварлик ёрдамларини юборади. «Агар бу ёрдамлар табиий офатларни олдини олишга йўналтирилса, ирригация тизимларини қайта тиклашга, йирик сув омборларида сув тўплаш ва сақлашга йўналтирилса яхши бўларди. Бунинг натижасида тўпланган сувлардан минтақанинг қуйи қисмида жойлашган мамлакатларда ирригация мақсадларида фойдаланиш имконияти пайдо бўлади», - дейди Раҳимзода.

2008 йилга қадар Тожикистон суғориш эҳтиёжлари учун сув оқимини тартибга солиш масаласида Ўзбекистон ва Қозоғистон билан мустаҳкам ҳамкорлик қилиб келарди. Ҳар икки мамлакат Сирдарё сувларини тўплашда Тожикистонга молиявий ва техник ресурслар билан кўмак бериб келган.

XS
SM
MD
LG