Ссылки доступа

Туркманистонда аёлларга бикини чўмилиш кийими ва калта иштонлар тақиқланди


Туркманистонга аёлларнинг бикини чўмилиш кийими ва калта иштонларини олиб кириш ва сотиш тақиқланди.

“Озодлик” радиоси туркман хизматининг Туркманистондаги мухбирларининг кийим-кечак сотувчиларга таяниб маълум қилишларича, айни дамда хусусий дўконлар тақиқловларга қадар олиб келинган чўмилиш кийимлари ва калта иштонларни арзон-гаровга сотишмоқда.

«Божхонада чўмилиш кийими ва калта иштонларни олиб кирилишига рухсат берилмаяпти. Чўмилиш мавсуми бошланган сайин бу маҳсулотларга талаб ортмоқда. Бироқ божхоначилар бу каби тақиқларнинг сабабини тушунтиришмаяпти», – дейди «Азатлиқ» радиоси мухбири.

Унинг сўзларига қараганда, сўнгги йилларда ёз мавсумида мамлакатда калта иштонлар ҳам эркаклар, ҳам аёллар орасида оммалашади. Эндиликда туркманистонликларнинг мамлакатдаги иқлим шароитларига мос либослардан воз кечишга тўғри келиши аниқ. Туркманистонда ёз фаслида ҳарорат Цельсий бўйича 50 даражага чиқади.

«Мамлакатга ҳам эркаклар, ҳам аёллар томонидан талаб кучли бўлган калта иштонларни олиб кириш мумкин эмас. Бироқ бозорлардаги калта иштонлар билан савдо қилувчи дўконлар маҳсулотсиз қолди. Калта иштон ва чўмилиш либосларининг аввал олиб келинганларигина қолди», – дея хабар беради «Азатлиқ» мухбири.

Бу Туркманистонда сўнгги ҳафталарда тақиқланган ягона кийим-бошлар эмас. Ўтган ҳафта сўнгида «Хроника Туркменистана» Ашҳободдаги давлат муассасалари ходимларига тирноқларини, киприкларини ўстириш ва бўяш, шунингдек сочларни рангсизлантириш ва олтин тақинчоқлар тақиш тақиқлангани борасида хабар берди. Туркманистон Божхонаси сочлар учун бўёқлар, сочларни рангсизлантириш, сарғайтириш воситаларини олиб киришни тақиқлади, дея хабар берди нашр.

XS
SM
MD
LG