Ссылки доступа

Ҳуқуқ ҳимоячилари Остонани журналистларни таъқиб қилиш тўхтатилишига чақирди


Ташкилот 4 апрель куни берган баёнотида ҳафта бошида Олмаотада Forbes Kazakhstan журнали ва Ratel.kz сайти муҳарририятлари биносида ўтказилган тинтувлар, бу сайтнинг блокировка қилиниши, полиция томонидан тўрт нафар журналистнинг ушланиши ва кейинроқ озод қилиниши ҳақида маълумот берилган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг баёнотида ўтган ҳафтада суд қарори билан Чимкент шаҳридаги шифохонага мажбуран ётқизилган фуқаролар фаоли Ардак Ашим тўғрисида ҳам сўз юритилади.

RSF баёнотида таъкидланишича, навбатдаги репрессиялар бир неча ўн йилдан бери мамлакатни бошқараётган 77 ёшли президент Нурсултон Назарбоевнинг меросхўри ким бўлади, деган масала атрофида Қозоғистон сиёсий элитаси вакиллари ўртасида кескинлик кучайган бир пайтда амалга оширилмоқда экан.

«Forbes Kazakhstan, Ratel.kz ва Ардак Ашимнинг таъқиб қилиниши Қозоғистондаги барча журналистларга берилган сигналдир», — дейди RSFнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўлимининг раҳбари Йоханн Бир.

Қозоғистондаги ОАВ муҳаррриятларида 2 апрель куни тинтув ўтказилди. Тинтувлар Давлат даромадлари собиқ вазири, айни дамда тадбиркорлик билан шуғулланаётган Зейнулла Какимжоновнинг аризасидан сўнг очилган “Атайлаб ёлғон маълумот тарқатиш” иши бўйича ўтказилди. Какимжановнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда унинг фаолиятига бағишланган Forbes.kz ва Ratel.kz сайтларида эълон қилинган айрим мақолалар “қора пиар” ва “ёлғон”дир. Мақолаларда Какимжановнинг коррупцияга алоқадорлиги қайд қилинади. Бундан аввал фуқаровий ишлар бўйича судлар Какимжанов ҳақ эканлиги борасида қарор чиқарган ва мақолалар олиб ташланишини, ҳамда унга нисбатан маънавий зарар қопланиши борасида ҳукм чиқаришган эди.

Какимжановнинг коррупция схемасига алоқадорлиги ҳақида ёзган журналистлар суд қарорига рози бўлишмади ва қарор устидан шикоят қилишларини айтишди. Чоршанба куни маълум бўлишича, сайт бош муҳаррири Марат Асиповнинг “Атайлаб ёлғон маълумот тарқатиш” бўйича жиноий ишдаги мақоми гувоҳликдан гумондор дея ўзгартирилди.

XS
SM
MD
LG