Ссылки доступа

Андижонлик 9-синф ўқувчиси тенгдошини пичоқлаб ўлдирди


7 апрель куни Андижон шаҳридаги 10-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси мактаб ҳовлисида шаҳарнинг 29-мактабида ўқийдиган тенгқурининг юрагига пичоқ санчиб ўлдирган.

Халқ таълими тизимида ишлайдиган мулозимнинг айтишича, бу пайтда ўқитувчиларнинг аксарияти шаҳар ҳокимлиги эълон қилган шанбаликда бўлган.

Андижон шаҳар 29-умумтаълим мактабининг 9-синфида ўқийдиган Муҳаммадасрор Собиров 7 апрель куни 10-мактабнинг ҳовлисида пичоқлаб ўлдирилганини шаҳар ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозими тасдиқлади.

– Шу мактабнинг Ш.А. исмли 9-синф ўқувчиси билан 29-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Муҳаммадаброр Собиров ўртасида телефонда ҳозирча сабаби аниқланмаган жанжал бўлган. Биринчи суриштирувга кўра, қаттиқ ҳақорат эшитган Ш.А. тенгқурини мактабга келишини, у билан разбор қилишини айтган. Муҳаммадасрор ҳам дарсни ташлаб 10-мактабга келган ва тенгдошига қўнғироқ қилган. Шунда Ш.А. бешинчи соатдаги дарсдан чиқибоқ, тенгдошининг юрагига пичоқ урган. Муҳаммадаброр Собиров воқеа жойида ҳалок бўлган , –деди ички ишлар мулозими.

Унинг айтишича, 29-мактаб ўқувчиси Ички ишлар бўлимининг ёмон хулқли болалар рўйхатида турган.

– Айни пайтда терговчилар бу иш билан шуғулланяпти. Ўзбекистон Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдириш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Қотилликда гумонланган Ш.А. ҳибсга олинган, – дейди мулозим.

Воқеа 10-мактаб ҳовлисида содир бўлган. Ушбу мактаб ўқитувчиларидан олинган маълумотга кўра, воқеа содир бўлган пайтда ўқитувчиларнинг аксари шаҳар ҳокимлиги эълон қилган шанбаликда бўлган ва ўқувчилар қаровсиз қолган.

XS
SM
MD
LG