Ссылки доступа

50 нафар россиялик энг бой кишилар бир кунда деярли 12 миллиард доллар йўқотди


Олег Дерипаска

АҚШнинг янги санкциялари туфайли Россия фонд бозоридаги тушиб кетишлар давомида россиялик 50 нафар энг бой кишининг бойлиги деярли 12 миллиард долларга қисқарди. Сайтида кейинги кунларнинг жадвали эълон қилинган “Форбс” журнали шу ҳақда ёзиб чиқди.

Сакнциялар рўйхатига тушган бизнесмен Олег Дерипасканинг бойлиги бир миллиард доллардан кўпроққа қисқарди. Унинг "Норильск никель" бўйича шериги, чекловларга тушмаган Владимир Потанин ҳам деярли шунча маблағ йўқотди. Бу бизнесменларга тегишли компаниялар акцияларининг нархи анча пасайди. Санкциялар рўйхатидаги яна бир киши - Виктор Вексельбергнинг бойлиги ҳам деярли бир миллиард долларга камайди. Сулаймон Каримов, Леонид Михельсон, Геннадий Тимченко, Владимир Лисин, Роман Абрамович, Вагит Алекперов ва Алексей Мордашовлар бозордаги емирилиш туфайли йирик молиявий йўқотишларга учради.

Санкциялар сабабли ВТБ банки, "Русал", "Мечел", "Норильский никель" компанияларининг акциялари ўз қийматини анча йўқотди. Қимматли қоғозлар қиймати пасайиши боис, рублнинг нархи тушиб кетди. Евронинг курси 2016 йил августдан бери биринчи марта 74 рублдан ошди. Йил давомида илк марта доллар курси 59 рублдан ортди.

Президенти Дерипаска бўлган “Русал"да ҳозир компанияда “ишлар осон кетмаётгани”ни баён қилишди. Компания вакилларининг сўзларига қараганда, раҳбарият эҳтимол тутилган таваккалларни энг кам даражага етказишга уринаяпти.

Дерипаскага тегишли бўлган En+ директорлар кенгашининг икки аъзоси ҳам, компанияни санкциялар рўйхатига киритишганидан сўнг, ўз лавозимларини тарк этишди.

6 апрель куни Қўшма Штатлар баъзи Россия компаниялари ва фуқароларига нисбатан янги санкциялар киритди. Чекловлар ўтган йили Конгресс томонидан қабул қилинган, Америка рақибларига қарши туриш тўғрисидаги қонунга биноан киритилган. АҚШ Молия вазирлигининг таъкидлашига қараганда, чекловлар санкциялар рўйхатига тушган шахсларнинг Қўшма Штатлардаги активларини хатлаш, шунингдек, Америка фуқаролари ва ташкилотларининг улар билан ҳамкорлигини тақиқлашни назарда тутади.

XS
SM
MD
LG