Ссылки доступа

Марк Цукерберг: Россия аралашувнинг янги усулини қўллади


Facebook компаниясининг раҳбари Марк Цукерберг баёнот бериб, Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳамда сайловлар ва жамоатчилик фикри билан манипуляция қилишга қаратилган гуруҳларга қарши қатъий кураш олиб бораётганини билдирди.

33 ёшли интернет магнат АҚШ Сенатида 11 апрель куни ўтган тингловларда мана шундай баёнот берди.

Цукербергга у асос солган ижтимоий тармоқдан АҚШ президентлик сайловига таъсир ўтказиш ҳаракати бўлганига оид, шунингдек, тармоқда шахсий ёзишмаларни сир сақлаш ҳуқуқи, фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини сир сақлаш тамойили бузилгани ҳамда айрим фойдаланувчилар томонидан “нафрат тили” қўлланилаётганига оид саволларни беришди.

Цукерберг Британиянинг Cambridge Analytica компанияси 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловига таъсир кўрсатиш мақсадида 87 миллион фойдаланувчининг шахсий маълумотларини ўғирлашига қарши тура олмагани учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

У, шунингдек, уйдирма хабарлар, ташқи аралашув ва тармоқда “нафрат тили” пайдо бўлишининг олдини ололмагани учун ҳам масъулиятни ўз зиммасига олди.

АҚШ Конгрессида қилган чиқишида Марк Цукерберг “Россияда иши фақат бизнинг ва бошқа интернет тармоқларидан фойдаланишдан иборат бўлган одамлар бор” деди. У “буни қуролланиш пойгаси, деб атаса ҳам бўлади”, деди ва сайлов кампаниясига ташқи кучларнинг аралашувига қарши туриш мақсадида Facebook фаолиятини мустаҳкамлаш заруриятини айтди.

Facebook раҳбари “2016 йилги АҚШ президентлигига сайлов жараёнидаги Россия ахборот амалиётларининг фош этилиши жуда "сусткашлик билан олиб борилгани”дан афсусда эканини таъкидлади. “Биз улар анъанавий тарзда қатор киберҳужумларни уюштиради, деб кутган эдик. Биз бу ҳужумларни зудликда аниқлаб, улар синдирмоқчи бўлган кампанияларни огоҳлантирганмиз. Лекин биз янгича тарзда ўтказилган ахборот амалиётларнини аниқлашда сусткашликка йўл қўйдик”, - деди Марк Цукерберг.

Марк Цукерберг шу йил охирига қадар ахборот хавфсизлиги ва контент-таҳлил ходимлари штатини 20 минг кишига етказиш бу таҳдидларга қарши курашиш имконини беришини ва Facebook соҳта аккаунтларни аниқлай оладиган замонавий сунъий интеллект воситаларини қўллай бошлагани тўғрисида маълумот берди.

XS
SM
MD
LG