Ссылки доступа

Тожикистоннинг бешта партияси шаҳар кенгашидаги учта ўрин учун курашишга киришди


Тожикистоннинг сиёсий партиялари Душанбе Халқ депутатлари мажлисидаги бўшаб қолган учта ўрин учун курашишга киришди. Оралиқ сайловларнинг натижалари 6 май куни маълум бўлади.

Уч нафар депутат турли сабабларга кўра ўз ўрнини бўшатиб қўйганидан сўнг, Халқ депутатлари шаҳар кенгашига оралиқ сайловлар эълон қилинди. Масалан, улардан бири коммунистлар вакили Субҳон Сафиаллоев Молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан фирибгарликда айбланган: депутат давлат муассасаларидан бирига қўнғироқ қилиб, ўзини мамлакат президентининг ёрдамчиси Асадулло Раҳмон деб таништирган ва 12 минг сомони ажратишни сўраган. Пуллар шахсий эҳтиёжига ишлатиб юборилган.

Жорий йил март ойида шаҳар мажлисидаги бошқа иккита ўринни Шаҳноз Раҳматуллозода Архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимига тайинлангани муносабати билан, шунингдек, Шоҳ Давлатов бошқа мамлакатга доимий яшаш учун кўчиб кетиши муносабати билан бўшатиб қўйган эди.

10 апрель куни Халқ депутатлари шаҳар кенгашига сайлов қўмитасининг раиси Абдулло Холиқов бугунги кунгача 8 нафар номзод сайловларда қатнашишга тайёрлигини, улар орасида бир нафар аёл ҳам борлигини айтди. Социал-демократик ва Демократик партия ўз номзодларини қўймади, лекин уларнинг вакиллари сайлов округларининг комиссиялари таркибига киритилади.

Социал-демократларнинг раҳбари Раҳматилло Зоиров партияда 2020 йилги парламент сайловларига тайёргарлик кўрилишини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG