Ссылки доступа

Тожикистонда ИДга қўшилмоқчи бўлган 70 ёшли аёл ва унинг оиласи судланмоқда


Суғд вилоят судида бир оиланинг 7 нафар аъзоси устидан суд жараёнлари бошланди, улар “Ислом Давлати”(ИД) террор ташкилоти фаолиятида иштирок этишга тайёргарлик кўрганликда айбланмоқда.

Суд ўриндиғида 70 ёшли аёл, унинг 44 ёшли ўғли, қизи ва куёви ўтирибди. Уларнинг ҳаммаси ўтган йилнинг охирларида Туркия-Сурия чегарасида қўлга олинган эди. Суд жараёни Хўжандда сешанба куни бошланди.

Вазият билан таниш манбанинг 11 апрель куни маълум қилишича, жиноий жавобгарликка бир оиланинг 7 нафар аъзоси тортилган. Оиланинг икки аъзоси –бири вояга етмагани учун, иккинчиси руҳий бемор бўлгани учун суд таъқибидан қутилиб қолди.

«Улар 29 киши эди – битта катта оила. Учта микроавтобусларда Сурия томон йўлга чиқишган. Иккита микроавтобусларнинг йўловчилари Туркия-Сурия чегарасидан ўтишди. Бир оиланинг 9 нафар аъзоси бўлган учинчи микроавтобус турк чегарачилари томонидан ушланди. Шу йил бошида улар Тожикистонга экстрадиция қилинди»,- дейди манба.

Тожикистон расмийлари судланувчиларнинг исм-шарифларини ҳозирча эълон қилишмади. Суд жараёнининг биринчи куни судланувчилар “жиҳод” учун Сурияга боришга қарор қилганликларини тан олишди. Улар шунингдек, ватанларида расмийлар томонидан диний ҳуқуқлари чекланганини айтишди. Судланаётган аёллардан бирининг сўзларига қараганда, ўтган йили Исфарада милиция ходимлари уни ҳижоб кийгани учун маҳаллий бозорда ушлаган.

Маълум бўлишича, ўтган йилнинг март ойида 29 кишининг ҳаммаси аввалига Қозоғистонга, у ердан эса Туркияга боришган. Исфарада 70 ёшли аёлнинг биргина қизи қолган.

XS
SM
MD
LG