Ссылки доступа

ҚРда Макмал конида юз берган ҳодиса учун амалдорлар жазога тортилиши талаб қилинмоқда


Қирғизистон парламенти депутатлари Жалолобод вилоятидаги Макмал конида юз берган тартибсизликлар учун мансабдор шахсларга нисбатан чора кўрилиши борасида таклиф билан чиқишди.

Депутат Айтмамат Назаров баёнот бериб, конда юз берган ҳодиса “Қирғизистоннинг халқаро нуфузига зарба берди, бу ўз навбатида мамлакатнинг иқтисодий зарар кўришига олиб келади”, деди.

Унинг сўзларига қараганда, кондаги мажоро анчадан бери муҳокама қилинмоқда, бироқ ҳукуматдан ҳамон етарлича муносабат билдирилмади. Депутатнинг фикрича, биргина туман хокимини ишдан бўшатиш билан чекланиб қолиш керак эмас, балки бошқа амалдорларни ҳам жазога тортиш масаласини кўриб чиқиш керак.

Депутат Ирина Карамушкина эса “етарлича чора кўрмаган” Жалолобод вилоят ИИБ бошлиғини ишдан бўшатиш масаласини кўриб чиқиш лозимлигини таклиф қилди. Парламент спикери Дастан Жумабековнинг таъкидлашича, кондаги тартибсизликлар аҳолининг муаммолари ҳал этилмагани боис келиб чиққан. У ҳам амалдорларнинг масъулиятини кўриб чиқиш лозимлигини талаб қилди.

11 апрель куни Жалолобод вилоятининг Тогуз-Тороус тумани аҳолиси Макмал конида фаолият юритувчи «Джи Эл Макмал Девелопинг» компаниясининг бир нечта биноси ва махсус техникасига ўт қўйди, улар олтин қазиб олувчи янги фабрика қурилишига қарши чиқишди. Улар, шунингдек, милиция ходимлари ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бораётган комиссия аъзоларига тошлар отишди. Ҳодиса жойига қўшимча милиция кучлари юборилди.

Конда юз берган ҳодисадан сўнг Қирғизистон бош вазири Сапар Исақов Тогуз-Тороус туман ҳокимини мансабидан бўшатди.

XS
SM
MD
LG