Бу ерда гап бозор нархидан арзон баҳоларда нон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган давлатга тегишли дўконлар ҳақида бормоқда.
"Оддий буханка нони пештахталарда турмайди, дўконлар очилиши билан харид қилишга улгуриш керак, чунки нон олиб келиниши биланоқ сотиб бўлинади. Одамлар навбатга туриши биланоқ нон бир зумда сотиб бўлинади, бир кишига икки буханкадан ортиқ сотилмаяпти", - дея хабар беради "Альтернативные Новости Туркменистана" (АНТ) нашри.
Мари шаҳар аҳолиси учун нон сотиб олишдаги чекловлар борасидаги хабарларни “Озодлик”нинг Туркманистондаги мухбирлари ҳам тасдиқлади: "Дўконлардаги нонлар навбатда турганларнинг ҳаммасига ҳам етмайди. Бир кишига 1-2 буханка берилаётганига қарамай етказиб бўлмаяпти. Кимгадир нон етмай қолса, у навбатдаги нон олиб келинишини кутишга мажбур бўлади",- дея хабар беради “Озодлик” мухбирлари ва айни дамда маҳаллий новвойхоналарда ҳам навбатлар пайдо бўлаётганини таъкидлашади, одамлар нон олиш умидида корхона олдида кечқурун навбатда тура бошлайдилар.
“Озодлик” мухбирларининг сўзларига қараганда, айни дамда аҳолига ун сотишда ҳам чекловлар жорий қилинган. Кўп ҳолларда аҳолига сотиладиган унларнинг сифати паст бўлади. Аввал тарқатилган хабарларга кўра, давлат дўконларида жорий этилган чекловларга кўра, бир кишига 5 килограммдан ортиқ ун сотилмайди.
“Озодлик” манбалари бир неча бор аҳоли озиқ-овқат сифатида кепакдан фойдаланишга мажбур бўлаётгани ҳақида хабар берган эди. Туркманистон расмийлари мамлакатда озиқ-овқат инқирози мавжудлигини тан олмайди.