Ссылки доступа

Фарғонада ўғил отасини кетмон билан чопиб ўлдирди


Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги Навбаҳор маҳалласида истиқомат қилган 56 яшар отани ўз фарзанди кетмон билан чопиб ўлдирди. Воқеа гувоҳларининг айтишича, далада картошка чопаётган ота-бола ўртасида жанжал чиққан ва ўғил кетмон билан отасининг бошини чопиб ташлаган.

Қотилликда гумонланган ўғил қочиб кетган.

Фожиа 10 апрель куни тушга яқин содир бўлган. Марҳумнинг қўшниларидан бирининг айтишича, бошидан қаттиқ жароҳат олган 56 яшар Дадажон Қўчқоров касалхонада вафот этган:

"Ота-бола 10 апрель куни томорқасидаги картошкани чопишга чиққан. Ўша ерда иккисининг ўртасида қандайдир жанжал чиққан. Ўттиз ёшлардаги ўғил отаси бошининг орқасига кетмон билан шундай қаттиқ урганки, кетмон теккан жой ўйилиб кетган. Қотил ўғил воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳозир уни излашяпти. Дадажон ака касалхонада ўзига келмай жон берган. 11 апрель куни жанозаси бўлди”, деди марҳумнинг маҳалладошларидан бири.

Таркибига Навбаҳор маҳалласи кирувчи Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини фаолининг айтишича, марҳум жуда қаттиққўл одам бўлиб, ўғлини доим калтаклаб келган.

“Энди биз шу маҳалладамиз, ҳаммасини кўриб турибмиз. Дадажон аканинг бир ўғли, икки қизи бор. Қизлари Россияда ишлайди. Ўғлини болалигидан кўп урарди, ҳатто бу калтаклардан бола салгина ҳардамхаёл бўлиб қолган эди”,- деди маҳалла фаолларидан бири.

Ёзёвон туман ички ишлар бўлимининг маълумотига кўра, бу воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

XS
SM
MD
LG