Ссылки доступа

Ўзбекистонда маҳбусларни кузатиш учун 2 мингдан ортиқ камералар ўрнатилди


Ўзбекистонда вақтинча сақлаш ҳибсхоналари 1814, тергов ҳибсхоналари 123, махсус қабулхоналар 25 ҳамда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар учун мўлжалланган реабилитация марказлари 283 замонавий видеокузатув воситаси билан жиҳозланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов айтиб ўтди.

Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу видеокузатув воситаларидан 965 таси шахсларни вақтинча сақлаш камераларига, 327 таси тергов ҳаракатларини ўтказиш ва адвокатлар билан учрашув хоналарига, 364 таси йўлакларга, 161 таси маҳбуслар сайр этадиган ҳудудларга, 307 таси муассасалар атрофига ҳамда 121 таси шахсни кўздан кечириш жойларига ва ошхоналарга ўрнатилган. Бутун муассаса ҳудудида маҳбусларга нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ҳамда бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллашнинг олдини олиш чоралари кўрилган.

Тергов ҳибсхоналаридаги терговчилар хоналарига видеокамералар ўрнатилишидан асосий мақсад, тергов ҳаракатларини ўтказиш жараёнида ноқонуний усуллар қўлланишига йўл қўймасликдир. Айни пайтда бу жиноят процесси иштирокчилари томонидан терговчини асоссиз равишда турли ноқонуний хатти-ҳаракатларда айблаш каби ҳолатларнинг ҳам олдини олади. Адвокатлар хонасининг видеокамералар билан жиҳозланиши эса қонунга зид ҳаракатларнинг олдини олиш билан бирга, уларнинг хавфсизлигини таъминлашни ҳам кўзлайди.

Ўрнатилган видеокузатув воситалари учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари махсус жамғармаси ҳисобидан 5,2 миллиард сўм (643 минг доллардан ортиқ) маблағ сарфланди.

XS
SM
MD
LG