Ссылки доступа

Туркманистонда “саломатлик ойлиги”да алкогол ва тамаки сотилиши тақиқланмади


Одатга кўра “саломатлик ойлиги” арафасида Ашхобод расмийлари дўконма-дўкон юриб, дўкон эгаларига спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланганини эслатиб қўйишади. Бироқ бу йил аввалги йиллардан фарқли равишда алкогол ва тамаки маҳсулотлари, жумладан давлат дўконларида сотилишига рухсат берилди.

Ҳар йили 7 апрель куни Жаҳон Саломатлик куни нишонланади. Шу муносабат билан Туркманистонда бир неча йилдан бери апрель «саломатлик ойлиги» дея эълон қилинган.

«Аввалги йиллардан фарқли равишда бу йил давлат дўконларида спиртли ичимликлар сотилмоқда, шунингдек ҳафтада 2-3 марта тамаки маҳсулотлари, яъни сигаретлар ҳам сотувга чиқарилади. Сигаретларнинг нарҳи қиммат бўлишига қарамай, хусусий савдо нуқталарига нисбатан арзон бўлгани боис одамлар сотиб олмоқда», - дейди шарҳловчи Бугаев.

Кузатувчининг айтишича, хусусий дўконларда яширин сотилаётган сигаретнинг нархи давлат дўконларникига қараганда икки баробар қимматдир, «саломатлик ойида» уларнинг нархи 15-20 фоизга ошади.

«Давлат дўконларида энг арзон сигаретларнинг бир қутиси 25 манат (7 доллар) туради, хусусий дўконларда эса 45-50 манатдан сотилади. Бироқ “саломатлик ойлиги” бошланиши ва тақиқлар жорий этилишибилан уларнинг баҳоси 15-20 фоизга, 50-60 манатгача ошади», - дейди Бугаев.

Унинг сўзларига қараганда, савдо ташкилотлари расмийларидан алкогол ва тамаки махсулотининг сотилишига рухсат берилгани билан қизиққан.«Савдо ташкилотларининг айрим ходимлари ва вазирликнинг маъсулларининг айтишича, дўконларнинг ўзига яраша режаси бор, улар мана шу режани бажариши керак, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларига аҳоли ўртасида талаб юқори. Шу сабабли улар бу маҳсулотларини савдодан олиб ташланмаслиги кераклигини тушунтиришди», - дейди Бугаев.

XS
SM
MD
LG