Ссылки доступа

Турк тадбиркорлари Эрдўғоннинг Тошкентга ташрифидан сўнг ўзгаришларни кутишмоқда


29 апрель куни Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон давлат ташрифи билан Тошкентга келади. Мазкур сафар доирасида 30 апрель куни Туркия Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши Тошкент ҳукумати билан ҳамкорликда турк-ўзбек бизнес форуми ўтказади.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистонда қайта иш бошлаган саноқли турк бизнесменларидан бири Тошкентдаги Demir супермаркетлари¸ Grand Mir меҳмонхонасининг собиқ мулкдори Аҳмат Демирдир. Жаноб Демир ўтган йил сентябрида Ўзбекистонга қайтиб¸ Тошкент марказидаги “Чорсу” меҳмонхонаси базасида “Эски шаҳар” савдо-сайëҳлик мажмуаси қуришга киришди.

"Вазият мутлақо¸ кескин ўзгарди. Аввалги МХХ ë прокуратурадагилар каби бизнесмендан тама қилиш¸ доля сўраш ҳозир мумкин эмас. Бу – Ўзбекистондаги жиддий ўзгаришлардан биттаси. Биз кўзимизга пушти кўзойнак тақиб¸ бўлди¸ ҳамма муаммо битди¸ деб гапираëтганимиз йўқ. Биз реалист одамлармиз. Биз ўзимиз кутган нарсалардан кўра кўпроқ ижобий нарса кўрдик"¸ - деди Аҳмат Демир 24 апрель куни.

Бироқ, Туркия президентининг Тошкент сафари арафасида Ўзбекистон ҳукуматига кейинги бир йил ичида ўз инвестицион лойиҳаларини тақдим қилиб¸ улардан рад жавоби олган айрим турк ширкатлари бошқарувчилари Эрдўғон сафари уларнинг муаммоларига ечим топишига ёрдам беришини умид қилмоқдалар.

“Сўнгги умидимиз¸ президент Эрдўғоннинг сафаридир. Агар шу сафардан кейин ҳам бизни алдаëтганлар хулоса чиқариб¸ алдаш ва тўсқинлик қилишни тўхтатмаса¸ у ҳолда матбуотга очиқ гапиришга мажбур бўламиз. Биз сиëсатчи эмас¸ иш одамимиз¸ шунинг учун муаммоларимиз сиëсийлашмасдан ҳал бўлишини истаймиз¸”- деди бир йирик турк ширкатининг бошқарувчиси.

Бу турк ширкатлари муаммолари тафсилотини улардан яхши хабардор Тошкент ҳукумати мулозими тушунтиришга уринди.

“Бир нечта турк ширкати Рустам Азимовнинг ўтган йилги Туркия сафаридан кейин Ўзбекистонда завод ва фабрикалар қуришга оид бизнес режасини тақдим этган эди. Бу режани Тошкентда қабул қилиб олишди¸ кўп ўтмай¸ бизга тўғри келмайди¸ деб қайтариб беришди. Аслида¸ бу қиммат бизнес-планни ўғирлаб¸ ўз одамларига беришди. Турклар қуруқ қолди. Президент Мирзиëвга эса¸ буларни Рустам Азимов чақирган¸ ўшанинг одамлари (президент Азимовни кескин танқид қилиб келади – таҳр.)¸ аслида улар гуланчи экан¸ уларни киритсак¸ Эрдўғон қаттиқ хафа бўлади¸ деб ëлғон изоҳ беришди. Ўзбекистондаги олигархлар ҳали-вери ўз монополиясини бировга берадиган эмас”¸ дейди мулозим.

XS
SM
MD
LG