Ссылки доступа

Тожикистонда гумондор буюртма асосида эр-хотин тадбиркорларни ўлдирганини тан олди


Хўжанддаги “Панжшанба” бозоридаги дўкон эгалари бўлмиш Мақсуджон Муҳаммаджонов ва Ибодат Неъматуллоева ўтган йилнинг 18 октябрида Сўғд вилоятининг Бобожон Ғофуров туманидаги Унжи жамоатидаги ўз уйларида ўлдирилган эди.

Қотиллик юзасидан ҳибсга олинган гумондор ўз айбига иқрор бўлар экан, тадбиркор эр-хотинлар Хўжандда яшовчи Зафар исмли шахс буюртмаси асосида ўлдирилганини айтди. Буюртмачининг номи Тожикистон Олий судида 25 апрель куни судья Зафар Азиззода раислигида бошланган суд жараёнида эълон қилинди.

Суд ўриндиғида жиноий гуруҳнинг олти нафар аъзоси ўтирибди. Бундан аввал Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Умаржони Эмомали жиноий гуруҳ таркибига Хўжанд, Конибодом, Матчо ва Восей туманларида истиқомат қилиб келган фуқаролар кирганини, улар Рудакий тумани ҳудудида содир этилган навбатдаги жиноятдан сўнг фош этилганини маълум қилган эди.

«26 январь куни тунда тўда аъзолари Рудакий туманидаги Алачабоф қишлоғида яшовчи Умед Турсуновнинг уйига ўғирликка тушган. Улар уй эгаси ва унинг укаси Махмуд Турсуновни калтаклашган», - деди Умаржони Эмомали.

Сўғд вилоят ИИББ бошлиғи, генерал Қудратулло Назарзода 2 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида мазкур факт бўйича тергов жараёнлари ва қотилларни излаш 4 ой давом этганини маълум қилган эди. «Жиноятчилар тадбиркорнинг уйига бостириб кирган ва эр-хотинларни скотч ва сим билан боғлаб ўлдирган. Қотиллар пуллар қаердалигини аниқлаш мақсадида жабрдийдаларни калтаклашган, қийноққа солишган», - деган эди Назарзода. Терговда аниқланишича, жиноятчилар қурбонларнинг уйидан 75 минг доллар ва қимматбаҳо буюмларни олиб кетишган.

XS
SM
MD
LG