Ссылки доступа

Қашқадарё ҳокими тунги соат 10 дан кейин кўчада юришни тақиқлади


Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида 30 апрель куни кечаси чойхонада овқатланиб турган мижозлар милиция ходимлари томонидан олиб кетилиб, жаримага тортилди.

Жабрланувчилардан бирининг айтишича, милиция ходимлари бу жаримани соат 22:00 дан кейин кўчада юриш, кафе-чойхоналарда овқатланиш тақиқланганига оид қарор мавжудлиги билан изоҳлаган. Яккабоғ туманининг “Жўра” кафесида 30 апрель куни кечки соат 10 ларда овқатланиб ўтирган тўққиз одамни туман ички ишлар бўлимининг ходимлари ушлаб¸ жаримага тортган.

Милиция томонидан олиб кетилганлардан бири ўзларига овқатни еб тугатишга ҳам имкон берилмаганини айтади.

– Мен уч нафар дўстим билан кечқурун чойхонага кириб, овқатланиб ўтирган эдик. Бир пайт 8-9 ча мелиса кириб келди-да, “ҳамманг тур, отделга борамиз”, деди. Мен ва ўртоқларим, “биз нима гуноҳ қилдик, ҳеч кимга озор бермаган бўлсак, овқатланиб ўтирган бўлсак”, десак, мелисалар соат 10 дан кейин юриш мумкин эмас, уйда ўтириш керак, бу ҳокимнинг қарори, деб айтди”, дейди ички ишлаб бўлимига олиб кетилган хўрандалардан бири.

"Шундан сўнг, милиция ходими энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида жарима тўлайсизлар, уйларингга хат боради", деб айтди суҳбатдош.

Яккабоғ тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таниширмаган мулозими, бундай тадбирлар амалга оширилаётганини тасдиқлади. “Бундан иккита мақсад бор. Жиноятчиликнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш. Лекин ҳаммани бир чеккадан ушлаб келаётганимиз йўқ, ичиб жанжал қилганларни олиб келаяпмиз”, деди бу мулозим.

XS
SM
MD
LG