Ссылки доступа

Чехия ҳайвонот боғи айиқча учун тожикча ном изламоқда (фото)


Чехиянинг Влтавоу яқинидаги Глубока шаҳридаги ҳайвонат боғида Гул лақабли айиқ фарзанд кўрди. Душанбедаги ҳайвонот боғидан Гул ва Зуҳра лақабли айиқлар Чехияга 2015 йил ёзида олиб келинган эди.

Бу айиқлар йўқолиб бораётган жигарранг айиқлар турига киритилган бўлиб, Европада фақат Чехияда бор. Айиқчаларнинг туғилиши билан бу жониворларнинг Чехиядаги сони ортади, деган умидлар пайдо бўлди, дейди Влтавоу яқинидаги Глубока шаҳридаги “Ограда” ҳайвонот боғи зоологи Иван Кубат.

Унинг сўзларига қараганда, Гул ва Алтай лақабли жигарранг айиқлардан туғилган айиқча 1 январь куни дунёга келди. «Йўриқномага биноан уч ой мобайнида биз уларга яқинлашмадик. Айни дамда айиқча ҳайвонот боғи ветеринарлари назоратида бўлиб турибди. Айиқчанинг оғирлиги 7,5 кг. бўлиб, жигарранг тусда, саломатлиги яхши», - дейди Иван Кубат.

Ҳайвонот боғи раҳбарияти айиқчага тожикча ном беришга қарор қилди, чунки ташриф буюрувчилар айиқчанинг илдизларини билишлари керак. «Биз таклифларни кутаяпмиз, сўнг айиқчага муносиб исм танлаймиз», - дейди Иван Кубат.

Гул лақабли айиқ 2013 йилдан бери чех ҳайвонот боғида ягона бўлган Тяньшан жигарранг турдаги Алтай лақабли айиқ билан топишди. Алтай Екатеринбургдан олиб келинган, аммо Иван Кубатнинг айтишича, аслида унинг ҳам илдизлдари “Тожикистонга бориб тақалади”. Тяньшан жигарранг айиқлари бўлмиш Гул ва Зуҳра уч йил муқаддам Чехияга олиб келинган эди. Уларни Иван Кубат шахсан ўзи Душанбедан олиб келган эди.

«Биз 15 кун йўл юрдик. Бу Душанбедан Влтавоу яқинидаги Глубокагача босиб ўтилган узоқ йўл бўлди. Бизнинг Тожикистондан бошланган йўлимиз Қирғизистон, Қозоғистон, Беларус,Литва ва Польша орқали ўтди. Йўлимизда муаммолар ҳам учраб турди. Масалан, Қозоғистон чегарасида уч кун туриб қолдик, чунки Божхона Иттифоқи транзит худудига айиқларни олиб киришда ҳужжатлар нотўғри расмийлаштирилган экан. Янги ҳужжатларни кутишга тўғри келди»,- деган эди бундан аввал Иван Кубат.

Халқаро меъёрий-ҳуқуқий хужжатларга кўра, тяньшань жигарранг айиғи ёки “оқ терили айиқ” ноёб жониворлар турига киради ва Қизил китобга киритилган бўлиб халқаро қонунлар бўйича муҳофаза қилинади. Тяньшань айиқлари ўзларининг бошқа зотдошларидан жунгининг ёрқин ранги билан ажралиб туради. Олд оёқларида эса узун тирноқлари билан фарқланади.

Эслатиб ўтамиз, бу айиқлар иккита кенгуруни алиштириш эвазига Чехияга олиб келинган эди, кенгурулар самолёт орқали Душанбега олиб борилган эди. Бироқ кўп ўтмай кенгурулардан бири нобуд бўлди. Иван Кубатнинг фикрича, жонивор стрессни кўтара олмаган.

XS
SM
MD
LG