Ссылки доступа

Бердимуҳамедов кутилмаганда Туркманистон армияси жанговар тайёргарлигини текширди


Миллий ОАВларнинг маълум қилишича, ҳарбий-тактик машқлар президентнинг "миллий армия жанговар қобилиятини кутилмаганда текшириш мақсадларида"ги фармонига биноан ўтказилди.

4 май куни эрта тонгда Туркманистон президенти вазият маркази жойлашган ўқув-машқ полигонларидан бирга етиб келди, дея хабар берди давлатга тегишли ТДХ ахборот агентлиги. Полигоннинг номи ва қаерда жойлашгани маълум қилинмади.

Миллий медианинг хабарига қараганда, давлат раҳбарига миллий армияга олиб келинган ва машқлар давомида қўлланилган замонавий ҳарбий-ҳаво ва махсус техникаларнинг намуналари намойиш қилинди.

"Мамлакатимиз ҳудудларига суқилиб кирган шартли душманни, жумладан дивирсия гуруҳларини фош қилиб, йўқ қилиш маҳорати Ҳарбий ҳаво кучлари, Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари, Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий денгиз кучлари, шунингдек махсус гуруҳлар томонидан намойиш этилди", дея хабар берди расмий матбуот.

Президентнинг таъкидлашича, бу каби ҳар бир тадбир шахсий таркибнинг ҳарбий маҳоратини ошириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлади. Ўтган йилнинг август ойида шу каби текширувлардан сўнг, президент шахсан ўзи қуролларнинг айрим турларидан фойдаланиш борасидаги санъатини намойиш қилган эди.

Ҳарбий машқлардан сўнг 5 май куни Гурбангули Бердимуҳамедов Хавфсизлик бўйича Давлат Кенгашининг кўчма мажлисини ўтказди, ҳамда ишда йўл қўйган камчиликлари ва хизмат вазифасини етарлича адо этмагани учун Давлат божхона хизмати раҳбари А.Османовга ҳайфсан эълон қилди. Амалдорнинг камчилиги нималардан иборат экани ойдинлаштирилмади.

XS
SM
MD
LG