Ссылки доступа

Тошкентда 16 яшар ўқувчи ўз уйида осилган ҳолда топилди


Тошкент шаҳри, Яшнобод туманидаги 69-ўрта мактабнинг 9-синф ўқувчиси Н. О. 3 май куни ўз уйида осилган ҳолда топилди. Қиз ўлими олдидан онаси ва синглисига “мени кечиринглар, яқинда учрашамиз”, деган мазмунда хат ҳам қолдирган. 16 ёшли қизнинг нега ўз жонига қасд қилгани сабаби маълум эмас.

Мактабнинг маънавият ва маърифат масалаларига масъули ўқувчи қиз ўзини осганидан бутун мактаб жунбушга келганини айтди.

- Аълочи, фаол қиз эди. Нимага бунақа қилганини ҳеч тушунмаяпмиз. У ўзини ўлдиришидан олдин, икки кун мактабга келмади. Телефон қилсак, ота-онаси бетоб деб айтишди. Пайшанба кечқурун у ўзини осгани ҳақида хабар топдик, - деди мактаб масъули.

69-ўрта мактабнинг ўқитувчиларидан яна бири Н.да ҳеч қачон тушкун кайфият кузатмаганини айтди. "Доим ҳушчақчақ қиз эди. Нимага бунақа бўлганига ҳайронмиз", - дейди ўқитувчи.

Тошкентнинг Яшнобод туман Ички ишлар бўлими мулозими Н. О.нинг ўлими юзасидан тергов олиб борилаётгани ва тергов важидан бу ҳақда маълумот беролмаслигини айтди. Қўшниларидан бирининг айтишича, Н. О. оилада тўртта қизнинг бири бўлган, шу куни у уйида ёлғиз қолган.

- Шу куни уйида битта ўзи бўлган. Укаларига хат ёзган. Ўзини осишидан олдин онасига қўнғироқ қилиб “ойижон, энди ҳайрлашамиз” деган. Онаси “ТошМи”да ишлайди. Ҳайрон бўлиб уйига югурган. Келса қизини сиртмоққа осилган холда кўрган, - деди фожиа рўй берган хондоннинг қўшниси.

XS
SM
MD
LG