Ссылки доступа

Туркманистонда хотин-қизлар дресс-код туфайли “жаримага тортилмоқда”


Туркманистонда мамлакат хотин-қизларининг ташқи кўриниши борасидаги янги талабларга кўра, маҳаллий хотин-қизлар сўроққа тутилмоқда ва маҳаллий расмийлар томонидан жазога тортилмоқда

Апрель ойи сўнгида Туркманистон давлат муассасаларидаги ходималарнинг сочларини бўямасликлари, макияж, ёрқин маникюр қилмасликлари талаб қилинди. Шунингдек, либослар узун бўлиши, ерга тегиб туриши ва баданни кўрсатмаслиги тавсия қилинди.

Ашхабодда истиқомат қилувчиШемшат исмли аёл пойтахтдаги “Алтин Аср” бозори яқинида полиция ходимлари томонидан сўроққа тутилди. “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган аёлнинг сўзларига қараганда, полиция ходими ундан сочи, қоши ва тирноқлари нима учун бўялганини сўраган ва маҳаллий полиция идорасига олиб борган.

Унинг айтишича, бўлинмада полиция ходимлари кўйлаги баданини кўрсатиб тургани ва енги жуда ҳам қисқа бўлгани боис жаримага тортилиши борасида айтишган. Аёл бу ҳақдаги тақиқлардан бехабар эканлигини тушунтирмоқчи бўлди ва бундан кейин шу каби либосларни киймасликка ваъда берди.

"Бироқ полиция ходимлари жарима тўлмаганимга қадар қўйиб юбормасликларини айтишганидан сўнг мен столга 150 манат (40 долларга яқин) қўйдим. Жарима тўлаганим борасида квитанция беришмади. Мен озод қилишлари эвазига жарима тўлаганимдан хурсандман. Улар менга жамоат тартибини бузганим учун протокол тузиб, иш жойимга хабар беришларини айтишди", - дейди Шемшат. У сўзига қўшимча қилар экан полиция ходимларининг талабига биноан уйга бозор қилмасдан қуруқ қайтганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Бундан аввал Туркманистондаги мустақил манбалар ва “Озодлик” радиоси манбалари янги дресс-кодга биринчи навбатда давлат муассасаларининг ходимлари ва олий ўқув юртларининг талабалари риоя этишлари мажбур эканини маълум қилишган эди.

Ўз номини ошкор қилмаслик билан “Озодлик” билан суҳбатлашган пойтахтдаги давлат идораси ходимларидан бирининг айтишича, айрим раҳбарлар аёлларни ишдан бўшатиш мақсадида дресс-коддан фойдалана бошлади. Унинг сўзларига қараганда, Ашхабоддаги банклардан бирида ташқи кўриниши талабга жавоб бермагани боис бир нечта аёл ишдан бўшатилди.

XS
SM
MD
LG