Ссылки доступа

Қашқадарёда МИБ бошлиғини собиқ ходими пичоқлади


Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Баҳром Жўраевни 3 май куни ишдан бўшатилган ходими Шавкат Ибратов пичоқлади.

Яккабоғ тумани Мажбурий ижро бюросининг бошлиғи Баҳром Жўраев 3 май куни ўз иш кабинетида собиқ ходими Шавкат Ибратов томонидан пичоқланди.

Ишдан ноқонуний бўшатилганини иддао қилган собиқ ходим бошлиғига тўрт марта пичоқ санчган. Касалхонада жарроҳлик қилинган Баҳром Жўраевнинг аҳволи ўртача оғирликда қолмоқда.

Бу хабарни тасдиқлаган Яккабоғ тумани МИБининг ходимларидан бирининг айтишича, бошлиғини пичоқлаган Шавкат Ибратов бундан бир ой олдин ишдан бўшатилган эди.

– Ўша куни Шавкат Ибратов маст ҳолатда келиб, бюрога кирган. Уни ҳамма танигани учун ҳеч ким йўлини тўсмаган. У тўғри бошлиқнинг хонасига кириб, Баҳром Жўраевга тўрт марта пичоқ урган. Биз ҳам шовқин-сурондан билиб қолдик. Дарҳол тез ёрдам чақирилди ва бошлиқни касалхонага олиб кетди. Шавкат Қарши туманидан келиб ишларди, бундан бир ойларча олдин аттестациядан ўтказилмаган эди. Бошлиқ билан ўрталарида нима гап ўтганидан хабарим йўқ, – деди МИБ ходимларидан бири.

Исми сир қолишини сўраган Яккабоғ тумани касалхонаси врачи Баҳром Жўраевнинг аҳволини “барқарор оғир”, деди.

Яккабоғ тумани ички ишлар бўлимининг навбатчиси бундай воқеа расман қайд қилинмаганини айтди. Аммо МИБ ходимининг айтишича, 4 май куни оғир тан жароҳати етказишда гумонланаётган Шавкат Ибратов махсус машинада қўл кишанларда МИБга олиб келинган.

XS
SM
MD
LG