Ссылки доступа

Ҳибсдаги собиқ бош прокурор ўз ўғлига қарши кўрсатма бера бошлагани айтилмоқда


Ўзбекистон Республикаси собиқ бош прокурори, жорий йил февраль ойида ҳибсга олинган Рашитжон Қодиров қидирувдаги ўғли Алишербек Қодировга қарши кўрсатма бера бошлади. Бу ҳақда Қодиров устидан олиб борилаётган тергов ишига алоқадор бош прокуратура мулозими маълум қилди.

Исми сир қолиш шарти билан гапирган прокуратура ходимига кўра, Рашитжон Қодиров апрель ойи ўрталаридан бошлаб ўғли Алишербек Қодировга қарши кўрсатма бера бошлаган. "Жиноят иши катта бўлгани учун айблов эпизодларига тўхталиш ҳозирча эрта. Лекин, тергов иши ҳали анча давом этади,"- деди прокуратура ходими.

Аммо, унинг қўшимча қилишича, Алишербек Қодировнинг тергов қилинмаётгани Рашитжон Қодиров кўрсатмалари ҳаққонийлигини "текшириш" имконини бермаётир.

"Қодиров показаниеларини текширишнинг ҳозирча имкони бўлмаяпти. Ўғли ҳалиям қидирувда. Қачон ушланса, ўшанда кўп нарса аниқ бўлади," деди тергов ишларига яқин прокуратура ходими.

Аммо, унинг қўшимча қилишича, Алишербек Қодировнинг тергов қилинмаётгани Рашитжон Қодиров кўрсатмалари ҳаққонийлигини "текшириш" имконини бермаётир. Айни пайтда, Ички ишлар вазирлигининг зобитига кўра, собиқ бош прокурор соғлиги ёмонлашиб бораётганидан шикоят қилаётир. Аммо у Ички ишлар вазирлиги ертўласида сақланаётган собиқ бош прокурорга нисбатан "кучли босим" ўтказилаётганини қўшимча қилди.

​22 февралда ҳибсга олинган Қодиров, Бош прокуратура расмий хабарига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддалари бўйича айбланмоқда.

66 яшар Рашитжон Қодиров 2000 йилдан бошлаб 15 йил давомида Ўзбекистон бош прокурори вазифасида ишлади. У лавозимидан 2015 йилнинг апрелида олинган. Унинг ўғли Алишербек Қодиров Ички ишлар вазирлиги тарафидан 2018 йилнинг 5 март куни халқаро қидирувга берилган. 39 яшар Алишербек Қодиров “Товламачилик” (ЖК 165-моддаси) ва “Фирибгарлик”да (ЖК 168-моддаси) гумонланмоқда.

Ота ва ўғилга қарши олиб борилаётган тергов амалиёти давомида ҳозирга қадар улардан жабр кўрганлардан умумий қиймати ярим миллиард АҚШ долларига тенг даъво аризалари олинган. Ўзбекистон Бош прокуратурасида ишлайдиган ва исми айтилишини истамаган ходимга кўра, мазкур жиноят иши доирасида “ўнлаб собиқ ва амалдаги мулозимлар сўроқ қилинмоқда".

Президент Шавкат Мирзиёев 17 март куни Самарқандда қилган маърузасида собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров ўз қўл остидагилардан ҳар ойда катта миқдорда пора олиб келгани учун қамалганини таъкидлаганди.

XS
SM
MD
LG