Каромат Шарипов Тожикистон ҳуқуқ тартибот идорасини Россияга ўзининг фуқаролиги тўғрисида ёлғон маълумот берганликда айбламоқда.Россия қонунларини бузганликда, жумладан РФ фуқаролигини қонунга зид равишда олганликда айбланиб 2017 йил охирларида Россиядан чиқариб юборилган Каромат Шарипов, ҳеч қачон Тожикистон фуқароси бўлмаганлигини айтмоқда.
Унинг сўзларига қараганда, Тожикистон ИИВ ўтган йилнинг октябрь ойида Россия томонинг сўровига биноан Каромат Шарипов Тожикистон фуқароси экани борасида маълумот берган. «Бу ғирт ёлғон. Гап шундаки, ҳарбий хизматга чақирилиш чоғида СССР фуқароси паспорти олиб қўйиларди, менинг шахсимни аниқловчи ягона ҳужжат бу СССР, кейинроқ Россия Қуролли кучлари зобити гувоҳномасидир. РФ ҚК зобити гувоҳномасида “РФ фуқароси” деган “қизил мухр” бор. Бундан ташқари Тожикистон қонунларига биноан, бошқа давлат армиясида хизмат қилганлар мамлакат фуқароси бўла олмайди», -дея баёнот берган эди Каромат Шарипов.
Исмоил Сомоний туман суди мажлисида Тожикистон ИИВ ва ТИВ вакиллари иштирок этди. Тожикистон ИИВ вакили Ғайратжон Шариповнинг айтишича, қонунга биноан Тожикистонда туғилган фуқаролар мамлакат фуқаролигидан чиқишлари борасида расман ариза бермагунларига қадар улар Тожикистон фуқароси бўлиб қолаверишади. Фуқароликдан чиқиш борасида Каромат Шариповдан ариза келиб тушмаган.
Эслатиб ўтамиз, Каромат Шарипов ўтган йилнинг 13 декабрь куни Москва-Кулоб рейси билан Тожикистонга олиб келинди. Бир кун аввал Москва вилоят суди биринчи босқич инстанция суди қарорини ўзгартиришсиз қолдирган эди, унга кўра Шарипов Россия фуқаролигини қонунга зид равишда олганликда айбдор деб топилган эди.
Каромат Шарипов 1963 йилда Тожикистонинг Файзобод туманида туғилган. 2007 йилда Россияда Тожикистон халқлари биринчи қурултойини чақиришга муваффақ бўлди. Қурултойда “Тожик меҳнат муҳожирлари” Умумроссия жамоат ҳаракати тузилиши борасида қарор қабул қилинди ва муқобиллик асосида Кароматов бир овоздан унинг раиси этиб сайланди. 2016 йилда Россия Олий суди устав ва қурултой протоколларидаги хатоликлар учун “Тожик меҳнат муҳожирлари” харакати фаолиятини тўхтатиш борасидаги РФ Адлия вазирлигининг даъво аризасини қаноатлантирди.