Ссылки доступа

Каннда Қозоғистондан саккизта фильм кўрсатилади


Қозоғистон 71- Канн кинофестивалида саккизта кинокартина тақдим қилади.

Конкурсда асосан Сергей Дворцевой ўзининг «Айка» фильми билан иштирок этади. Россия ОАВда конкурсда Россия киноси иккита фильм билан (Кирилл Серебренников ва Сергей Дворцевой) иштирок этиши борасида хабар тарқатган бўлишига қарамай, «Айка» ҳамкорликда яратилган фильм ҳисобланади. Мазкур кинокартинани яратишга тўртта мамлакат - Россия, Германия, Польша, Қозоғистоннинг бешта компанияси иштирок этган. Хабарларга қараганда, Канн кинофестивалида «Айка» фильми Қозоғистон номидан иштирок этади. Сергей Дворцевой асли Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридан бўлиб, Россияга 1990- йиллар бошларида келган.

«Айка» драмасида қирғизистонлик муҳожирнинг Москвада фарзанд кўргани ва уни туғруқхонада қолдиргани, унинг оналик ҳиссиёти ва виждон азоби ҳикоя қилинади. «Айка»ни яратишда қозоғистонлик продюсер Гулнара Сарсенова ҳам иштирок этади.

Кинофестивалнинг «Алоҳида нигоҳ» дастурида қозоғистонлик режиссер Адилхан Ержановнинг “Дунёнинг ёқимли бефарқлиги” фильми ҳам иштирок этади. Бу фильм Канн кинофестивалида Қозоғистон ва Франциянинг қўшма маҳсулоти сифатида тақдим қилинган.

«Мустақил кино ва уни тарғиб қилиш учун Ассоциация» (ACID) дастурида эса Ольга Коротьконинг “Ўз ҳолича қиш” деб номланган қозоқ фильми кўрсатилади. Фестивал бошланишидан аввал режиссёр “Озодлик”ка берган интервьюсида картина деярли бюджетсиз, битта камерада суратга олинганини айтган эди.

Бундан ташқари 71- Канн кинофестивали дастурларида Қозоғистон режиссёрларининг бешта бошқа фильмлари ҳам намойиш этилади. Шулардан иккитаси «Казахфильм» давлат киностудияси кўмаги билан суратга олинган. Булар Венера Каиржанованинг “Бекинмачоқ” ва Берик Жахановнинг “Асан” фильмларидир. Бошқа учта фильм эса мустақил киностудиялар маҳсулоти – Алма Баймуратованинг Pearl, Асель Аушакимованинг “Янгиликлар”, Жаннат Алшанованинг “Мавсум якуни” фильмларидир.

XS
SM
MD
LG