Ссылки доступа

Азаттиқнинг туркман таҳририяти мухбири яна ҳужумга учради


Азаттиқ – Озодлик радиосининг туркман таҳририяти мухбири Солтан Ачилова яна ҳужум ва ушлашга дучор бўлди.

68 ёшли Ачиловага ҳужум 9 май куни эрталаб, у шаҳар яқинида жойлашган Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси ёнидаги Мангу оловга гулдасталар қўйиш тантанасини суратга олишга борганида содир бўлди.

Унинг сўзларига қараганда, у талабалар ва фуқаролар билан бирга ёдгорлик жойлашган қирга кўтарилаётганида, уни қора костюм кийган бир неча киши тўхтатиб, Ачилова у ерда нима қилаётганини сўраган. У Ғалаба куни ҳақида репортаж учун суратлар олаётганини тушунтирганида, бу эркаклар уни ушлашган, ҳақорат ва таҳдид қила бошлашган.

Ачилованинг сўзларига қараганда, улар агар Ачилова ҳамма фотосуратларни йўқ қилмаса, уни наркотиклар сотиб олишда гумон қилиш бўйича қамоққа олишларини айтиб қўрқитишган. Ачилова буни рад этганида фуқаролик кийимидаги одамлар унинг камерасини зўрлик ишлатиб, тортиб олишган ва суратларни ўчириб ташлашган. Журналист аёлдан у Азатлик радиосига ишлашни бас қилишини талаб қилиб, уни икки соат ушлаб туришган, кейин қўйиб юборишган.

Солтан Ачилова бир неча марта Туркманистонда таҳдидлар ва ушлашларга дучор бўлган. Ўтган йил июль ойида Ачилова икки марта ҳужумга учради, кейин унга ўлдириш билан таҳдид қилишди.

"Бебошликка қараб тура олмайман". Солтан Ачилова билан интервью (2017 йил май).

XS
SM
MD
LG