Ссылки доступа

Тожикистонда ижтимоий тармоқда “бошқача фикрлайдиганлар”га лайк босганга 10 йил берилди


Хатлон вилоятининг Вахш туманида истиқомат қилувчи Алижон Шариповга ижтимоий тармоқларда "Like" ва “Класс" босгани учун 10 йил берилди.

Алижон Шарипов фаолияти тақиқланган Тожикистон Ислом Уйғониш партияси(ТИУП) раҳбари Муҳиддин Кабири ва мудофаа вазирининг собиқ ўринбосариАбдуҳалим Назарзодани қўллаб қувватлаш мақсадида ижтимоий тармоқларда "Like" ва “Класс" босгани учун яқин 9,5 йилни панжара ортида ўтказадиган бўлди.

Алижон Шариповга нисбатан Хатлон вилоят судининг хукми куни кеча чиқарилди. Манбанинг айтишича, Алижон Шарипов ТР Жиноят Кодексининг 307 моддаси, 2 қисми (“ОАВ ёки Интернет орқали Тожикистон Конституциявий тузумини куч билан ўзгартиришга очиқча чақириқ”) бўйича айбдор деб топилди.

«Алижон Шарипов Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлар экан, ТИУПнинг қувғиндаги Сиёсий Кенгаши мажлисларининг видеолавҳаларини, партия етакчиси Муҳиддин Кабири ва мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзоданинг суҳбатларини мунтазам кўриб келган ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида "Like" ва “Класс" тугмачаларини босган. Бундан ташқари у бу лавҳалар билан ижтимоий тармоқнинг бошқа фойдаланувчилари билан ўртоқлашган», - дейди манба.

Алижон Шарипов 3 январь куни Вахш туманидаги Меҳробод қишлоғида ушланган эди. Сўроқ вақтида у Кабири ва Назарзода иштирокидаги видеони томоша қилганини тан олди, аммо бу қонунга зид эканлигини билмаганини билдирди.

2015 йил кузида “исёнга уриниш”дан сўнг Тожикистон мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода, ислом партияси давлат тўнтаришини уюштирганликда айбланган эди. Тожикистон Олий суди ТИУПни террор ташкилоти дея эълон қилди ва унинг фаолиятини мамлакат ҳудудларида тақиқлади. ТИУПнинг 14 нафар юқори лавозимли аъзоси узоқ муддатларга қамоққа хукм қилинди, улардан икки нафари умрбод қамоқ жазосини олди. Ҳукуматнинг баёнот беришича, генерал Абдуҳалим Назарзода ва ТИУП етакчиси Муҳиддин Кабири 2010 йилда мамлакатда сиёсий тўнтариш уюштириш мақсадида ноқонуний қуроли гуруҳ тузишган.

XS
SM
MD
LG