Ссылки доступа

Ўзбекистонда юридик университетдан ҳайдалган талаба ўз уйида осилган ҳолда топилди


Тошкент Давлат юридик университетида давлат имтиҳонидан ўтолмай, ўқишдан ҳайдалган талаба йигит ўз уйида осилган ҳолда топилди.

Марҳумнинг собиқ курсдошларига кўра, талаба ўқишдан ҳайдалганини бир йил давомида ота-онасидан яшириб юрган. Уларнинг гумон қилишича, яшириб юрган сири ошкор бўлгач, талаба ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин.

Тошкент Давлат юридик университетига 2016 йилда ўқишга кириб, 1-курс охирида имтиҳондан ўтолмай ўқишдан ҳайдалган собиқ талаба йигит пойтахтнинг Миробод туманидаги ўз уйида осилган ҳолда топилгани тўғрисида марҳумнинг собиқ курсдошларидан бири хабар қилди. Марҳумни тўлиқ исми маълум, лекин ахлоқ қоидалари юзасидан таҳририят унинг исмини очиқламайди.

- Инглиз тили фанидан имтиҳонлардан ўтолмай юрди. Охири ўқишдан ҳайдалди. Инглиз тилидан якуний назорат имтиҳонлари бизда пуллик. Катта пул. Талаба бу пулни топиб беролмаган. Хорижий тил курсларга боролмаган. 2- курс талабаларидан 6,5 IELTS талаб қилинади, - деди Тошкент Давлат юридик университетининг исми сир қолишини истаган талабаларидан бири.

Ўзини осгани гумонланаётган талабанинг яна бир курсдоши марҳум дўсти ўқишдан ҳайдалганини бир йил давомида ота-онасидан яшириб юрган, ошкор бўлгач, ўзини осган бўлишини тахмин қилади.

Ректор ёрдамчиси университетнинг ўз жонига қасд қилган собиқ талабаси ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди. Шунингдек, ректор ёрдамчиси талабаларнинг "университетда имтиҳонлардан ўтиш пуллик", деган иддаоcини кескин рад этди.

XS
SM
MD
LG