Ссылки доступа

Тожикистонда мобил телефонларининг IMEI-кодини мажбурий рўйхатга олиш жорий қилинмоқда


Тожикистонда барча мобил телефонлари ва бошқа алоқа воситаларининг IMEIси Ягона давлат идентификация рақамлари реестридан мажбуран рўйхатга олиниши борасидаги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Алоқа хизмати томонидан ташкил этиладиган мазкур реестр, давлат идораларига бу телефонларни қидириш ва кимга тегишли эканини аниқлашга ёрдам беради.

IMEI ёки International Mobile Equipment Identity — мобил жиҳозларнинг халқаро идентификатори ҳар бир телефон ёки смартфоннинг ноёб идентификация рақамидир. Унинг кодида жиҳознинг серия рақами, модели ва келиб чиқиш тарихи ҳақида маълумот берилган. Масалан, биринчи 8 рақами TAC (Type Approval Code) деб номланади ва жиҳознинг модели ва унинг ишлаб чиқарилган жойини англатади. IMEIнинг қолган қисми эса жиҳознинг серия рақамини англатиб, ишлаб чиқарувчи томонидан Ой алгоритми бўйича белгиланади, сўнгида эса назорат рақами қўйилади. Ҳукумат ёки мобил компаниялари IMEI ёрдамида бемалол телефонлар ўртасидаги фарқни аниқлашлари мумкин.

Тожикистон ҳукуматининг “Алоқа жиҳозларни рўйхатга олиш тўғрисида”ги фармойиши лойиҳаси Алоқа хизмати томонидан тайёрланган ва айни дамда ички давлат жараёнидан ўтмоқда.

ТР президенти ҳузуридаги ахборот-коммуникация технологиялари бўйича Кенгаш аъзоси Нодир Мирзоевнинг 9 май куни айтишича, бошқа мамлакатларда ҳам IMEIни ягона давлат реестрида рўйхатга олиш тажрибаси бор. «Бунинг ёмон томони йўқ, масалан, Тожикистонга олиб кириладиган ҳар қандай автомобил ДАН томонидан рўйхатдан ўтади ва унга регистрация белгиси берилади», - дейди Мирзоев.

Тожикистон Алоқа хизмати мутахассислари IMEIни давлат реестрида мажбурий рўйхатга олиниши сабаблари юзасидан изоҳ беришмади. Бироқ, мазкур соҳага алоқаси бўлган давлат муассасидаги манбанинг айтишича, бу каби чоралар давлат хавфсизлиги нуқтаи назаридан кўрилмоқда. Ватсапп, Вайбер, Телеграмм сингари мессенжерлардан фойдаланиш кўпайиб бораётгани муносабати билан фойдаланувчиларни сим-картлар ёрдами билан аниқлашнинг имкони бўлмай қолаяпти ва шу сабабли ҳукумат мобил телефонларининг эгаларини аниқлашнинг осон йўлини топмоқда.

XS
SM
MD
LG