Ссылки доступа

Туркманистон шимолида ўзбек тилида таълим берадиган мактаб очишлари мумкин


Тошҳовуз вилоятида ўзбек тилида таълим бериш эҳтимол тутилаётган янги мактаб учун потенциал ўқувчиларни аниқлаш мақсадида мактабгача ёшдаги ва мактаб ёшидаги болаларни санаб чиқиш ўтказилмоқда.

Озодлик туркман хизматининг шу вилоятдаги манбалари хабар беришича, хусусан, ўзбек ва қозоқ оилаларидаги болаларни рўйхатга олиш бўйича фаоллик кузатилмоқда. Уларнинг маълумотларига қараганда, бу тадбирлар охирги икки ҳафта мобайнида ўтказилаяпти.

«Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистонга ташрифдан (Туркманистон президентининг) сўнг, кўпчилик рўйхатга олиш вилоятда ўзбек мактаблари яратиш мақсадида қилинаяпти, деб ўйламоқда ва умид қилмоқда. Бу минтақада ўзбек тилидаги мактаблар Ниёзов даврида ёпилган эди», - деб хабар берди, бизнинг мухбиримиз. Унинг сўзларига қараганда, Тошҳовузнинг баъзи минтақаларида ўзбек миллатига мансуб фуқаролар кўпчиликни ташкил этади: «Аҳолисининг кўпчилиги ўзбеклар бўлган атраплар бор».

Озодликнинг Тошҳовуз вилояти ҳудудида содир бўлаётган воқеалар билан яхши таниш бўлган манбаси болаларни рўйхатга олиш тадбирлари ҳақида сўзлаб бераркан, “буни тўлиқ маънодаги аҳолини рўйхатга олиш деб бўлмайди”, чунки фақат мактаб ёшигача бўлган ва мактаб ёшидаги болаларни санаб чиқиш бўлиб ўтаяпти, шунингдек, уларнинг миллати ёзиб олинаяпти» деб таъкидлади.

Суҳбатдошимиз “Тошҳовуз вилоятининг марказида ўзбек тилида таълим берувчи мактаб очилиши эҳтимоли ва бу рўйхатдан ўтказиш воситасида шу мактаб учун потенциал ўқувчиларни аниқлашни исташаётгани ҳақида гап-сўзларбўлаётгани” ни айтиб берди. Айтишларича, бу мактабга фақат ота-онаси ва уч бўғиндаги аждодлари жиноий жавобгарликка тортилмаган оилаларнинг фарзандларинигина ўқувчиликка қабул қилишаркан». Унинг сўзларига қараганда, ҳозирданоқ ўзига тўқ оилалар ўз болаларини шу мактабга жойлаштириш учун пора таклиф қила бошлашган.

XS
SM
MD
LG