Ссылки доступа

Аблязов «Қозоғистондаги барча митингларнинг ташкилотчиси» эканлиги ҳақида айтди


Хорижда истиқомат қилувчи қозоғистонлик банкир ва Остонанинг танқидчиси Мухтар Аблязов баёнот бериб, 10 май куни Қозоғистоннинг бир нечта шаҳрида бўлиб ўтган рухсат берилмаган норозилик намойишларининг ташкилотчиси шахсан ўзи эканлигини айтди.

Азаттық (“Озодлик” радиосининг қозоқ хизмати) мухбирининг «Бугунги норозиликларга алоқангиз борми?» деб берган саволига Аблязов Тармоқнинг мессенжери орқали: «Сиз ғалати савол бераяпсиз. Мамлакатдаги барча митингларнинг ташкилотчиси менман», дея жавоб қайтарди.

10 май куни Остона, Олмаота, Уральск, Ақтобе, Атирау, Семей ва Чимкентда рухсат берилмаган намойишлар бўлиб ўтди, тадбир иштирокчилари “сиёсий маҳбуслар озод қилиниши” ва “қийноқларга барҳам берилиши”ни талаб қилдилар ҳамда мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятдан ташвишга тушаётганликларини билдиришди. Намойишлар вақтида ўнлаб одамлар ушланди. Акциялар Қозоғистонга Европа парламентининг расмий миссияси келиши муносабати Аблязовнинг тинч митинга чиқиш борасидаги таклифидан сўнг бўлиб ўтди. Мазкур миссия Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасида эришилган ҳамкорлик ва ҳамдўстлик тўғрисидаги Битим талабларини Остона томонидан бажарилаётганига ўз баҳосини бериши керак.

Кузатувчилар ва иштирокчиларнинг фикрича, Олмаота ва Остонада полиция ходимларининг сони намойиш қатнашчиларир сони билан тенг бўлди. Олмаотада камида 80 киши ушланди. Остонада тўпланган юзга яқин кишининг кўплари полиция томонидан ушланиб автобусларда полиция идорасига олиб кетилди. Минтақаларда норозилик намойишларига кам одам чиқди, бироқ у ерларда ҳам хибсга олишлар бўлиб ўтди. ИИВ ҳибсга олинганларнинг аниқ сони ҳақида маълумот бермади.

Мухтар Аблязов Қозоғистон расмийлари томонидан БТА Банкдан бир неча миллиард долларни ўзлаштирганликда, жиноий тўда ташкил қилганликда ва бошқа жиноятларда айбланади. БТА Банк давлат ихтиёрига ўтгунига қадар Аблязов унга рахбарлик қиларди. Аблязов бу айбловларни инкор қилади ва сиёсийлаштирилганлигини айтиб келади. 2016 йил охирларида Франция расмийлари Аблязовни бериш борасидаги Россия ва Украина сўровни рад қилди, бу икки мамлакат ҳам Аблязовни маблағларни ўзлаштирганликда айблаб келади (гумондорларни топшириш борасида Қозоғистон ва Франция ўртасида келишув йўқ).

XS
SM
MD
LG