Ссылки доступа

Депутат Қирғизистон собиқ президентидан дахлсизлик олиб ташланиши борасида таклиф билан чиқди


Парламент депутати Исхақ Масалиев Бишкекдаги ТЭЦни модернизациялаш учун кредитларни сарфлаш масаласи тергов қилинаётган бир вақтда собиқ президент президент Алмазбек Атамбаевдан дахлсизлик олиб ташланиши борасида таклиф билан чиқди.

Унинг сўзларига қараганда, депутатлар комиссияси хулосасида айрим давлат хизматчилари, депутатларнинг исми шарифи бор.

«Мен собиқ президент Алмазбек Атамбаевдан дахлсизлик олиб ташланишини таклиф қиламан. У бир неча бор қонун олдида ҳамма тенг эканлигини, зарурият бўлса шахсан ўзи маъсулиятни зиммасига олишини айтган эди. Шу сабабли мен шу таклифни бераман. Қай тариқа? Биз ҳуқуқ тартибот идорлари ходимларига бу масалани ечиш учун имконият яратиб беришимиз керак. Агар тоза бўлса, тозалигини айтамиз. Акси бўлса, у ҳолда жавобгарликка тортамиз. Агар биз асосий айбдорни топмайдиган бўлсак, собиқ бош вазирларнинг ўзлари жим бўлганликларини айтишади. Сўнгги 6 йилда етти нафар бош вазир бўлган бўлса, қайси биридан сўрашни бошлаймиз?», - дея саволларни ёғдирди Масалиев парламент мажлисида.

Бунга жавобан собиқ бош вазир Сапар Исақов баёнот бериб, Бишкекдаги ТЭЦни модернизация доирасида Атамбаев бирор бир топшириқ бермаганини айтди.

Жўқўрғу Кенеш 10 май куни Бишкекдаги ТЭЦ да юз берган авария сабаблари ва модернизацияга ажратилган маблағларнинг сарфланишини ўрганган депутатлик комиссияси хулосаларини кўриб чиқди. Мажлисга собиқ бош вазирлар Жанторо Сатибалдиев, Темир Сариев ва Сапар Исақовлар келишди.

Депутатлик комиссияси хулосасида Хитойдан кредит олиш борасида ҳужжатларни имзолаган раҳбарларга ҳуқуқий баҳо бериш борасида таклиф берилган. Улар орасида собиқ ҳукумат раҳбарлари ва вазирлар ҳам бор. 2013 йилда Қирғизистон Бишкекдаги ТЭЦни модернизация қилиш мақсадида Хитой Эксимбанкидан 386 млн доллар кредит олди, модернизация ишлари 2017 йилда якунланди. 2018 йилнинг 26 январь куни ТЭЦ да авария юз берди, пойтахт бир ҳафта давомида иссиқликдан маҳрум бўлди.

XS
SM
MD
LG