Ссылки доступа

Европа парламенти депутати: Остонада сиёсий маҳбуслар масаласи кўтарилди


Қозоғистондаги норозилик акциялари ва у ерда “сиёсий маҳбусларни озод қилиш ҳақида” қўйилаётган талаблар Европа парламенти вакилларининг Қозоғистон мажлиси депутатлари билан учрашувлари давомида муҳокама қилинди, деб хабар берди бугун Остонада Европалик парламент аъзолари делегациясининг раҳбари Ивета Григуле.

- Келишимиздан олдин бизнинг электрон почтамизга кўплаб хатлар тушди. Уларнинг ҳаммаси битта матн, сиёсий маҳбуслар ҳақидаги матнга эга эди. Бу масала кўтарилди. Биз прокуратура вакиллларидан жавоб олдик. Қўшимча жавоб олиш учун эртага биз прокурор олдига бораяпмиз. Биз маҳбус Бокаев, унинг соғлиғига оид жавоб олдик, - деди Ивета Григуле қозоғистонлик депутатлар билан учрашувдан кейинги брифингда.

Ивета Григуле Европа парламенти “сиёсий маҳбусларни озод қилиш” ҳақида қўйилаётган талабларни амалга оширишга кўмаклаша олиш-олмаслиги ҳақида ўзига берилган саволга ҳам жавоб қайтарди.

- Биз бу масалани мажлисда кўтардик, 11 май куни яна прокуратурада кўтарамиз. Бизнинг элчихонамиз ушбу масала бўйича ҳар куни иш олиб бораяпти. Биз кимнидир у ёки бу ҳаракатларни қилишга мажбур эта олмаймиз. Биз ўз тажрибамизни ўртоқлашаяпмиз, далиллар тақдим этишга ҳаракат қиламиз. Биз мажбурлай олмаймиз, - дейди Ивета Григуле.

10 май куни Олмаота, Остона ва Қозоғистоннинг бошқа бир қатор шаҳарларида “сиёсий маҳбусларни озод қилиш” ва “қийноқларни бас қилиш” талаблари билан, рухсат берилмаган норозлик акциялари бўлиб ўтди. Полициячилар ўнлаб одамларни ушлашди. Олмаотда ушланганларнинг камида уч нафари митинглар ва йиғилишлар ўтказиш тартибини бузганликда айбланиб, беш суткага маъмурий қамоққа олинди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ушланганларнинг аниқ сонини айтмади ва норозиликлар қатнашчиларининг қўлга олиниши сабабларини хабар қилмади. Акциялар қувғинга учраган, хорижда яшаётган олигарх Мухтор Аблязовнинг 10 майда – Остонага Европа парламентининг расмий миссияси ЕИ ва Қозоғистон ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бажарилишини назорат қилиш учун келган кунда тинч намойиш билан кўчага чиқишга чақириғидан сўнг юзага келди.

XS
SM
MD
LG