Ссылки доступа

Қидирувдаги асакалик аëлни ИИБ зобитлари аэропортда кутиб олмоқчи


Мамура Рахматова.

2005 йилдан буён Қирғизистон ва Россияда, 3 йилдан бери эса, Туркияда яшаётган Маъмура Раҳматова турмуш ўртоғи, қизи, ўғли, келини ва икки набираси билан Ўзбекистонга қайтишга қарор қилди.

Унинг айтишича, оиласи бу қарорга президент Мирзиёев олиб бораётган сиёсатдан руҳланиб келган. Раҳматованинг айтишича, 2005 йили у давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланиб терговда бўлган.

Избоскан туман маркази Пойтуғ шаҳрига келин бўлиб тушган Маъмура Раҳматова 2000 йили бир гуруҳ пойтуғликлар қатори ваҳҳобийликда айбланиб, ушланган. Унинг айтишича, ўшанда у икки ойга яқин ҳибсда ушланган ва кейин қўйиб юборилган. Ваҳҳобий сифатида икки ой ушланиб қўйиб юборилганидан сўнг Раҳматованинг айтишича, “у ва оиласи сурункали назорат остида қолган” ва таъқибдан қочиб, Қирғизистонга чиқиб кетишга мажбур бўлган.

2005 йилга келиб, Раҳматова оила аъзоларининг қистови билан Ўзбекистонга қайтади ва боя айтилганидай, чегарадан ноқонуний ўтганликда айбланиб, тергов изоляторига киритилади. 2005 йил, 13 май воқеалари бошланиб кетгач, Раҳматованинг айтишича, милиция ходимлари тергов остидаги бошқалар қаторида уни ҳам тергов изолятордан чиқаради.

Шундан сўнг у болаларини олиб, яна Қирғизистонга, ундан Россияга кетади. Биринчи эри билан Ўзбекистондалигида ажрашган Раҳматова Москвада яна турмуш қурган. Ҳозирги эри ҳам ўзбекистонлик. Оила сўнгги 3 йилдан бери Туркиянинг чекка қишлоқларидан бирида яшамоқда. Ўзининг ҳеч қандай ҳужжати йўқ.

Асака туман Ички ишлар бўлимининг зобити Маъмура Раҳматова қидирувдаги шахслар орасида ҳақиқатдан ҳам борлигини айтишди ва у Ўзбекистонга келганида “қўлга олинмайди, лекин тергов қилинади. Айби йўқ бўлса, қўйиб юборилади”, деб айтишди.

XS
SM
MD
LG