Ссылки доступа

Ўзбекистон Афғонистонга нефть ва газ соҳасида мутахассис тайёрлаб бермоқчи


Тошкент ва Қобул Ўзбекистон Афғонистоннинг нефть-газ сектори учун мутахассисларни ўқитишини назарда тутадиган меморандумни имзолашни режалаштиришмоқда.

«Ўзбекистон томони нефть-газ соҳаси учун мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашда бизга ёрдам бериши режалаштирилмоқда. Ҳозир биз меморандум устида ишлаяпмиз, тез орада уни имзолашади. У ерда томонларнинг бу масаладаги ваколатлари белгилаб берилади», – деб Афғонистон шахталар ва нефть вазири вазифасини бажарувчи Наргис Ниҳон хонимнинг сўзларини иқтибос қилиб келтирмоқда маҳаллий ОАВ.

Унинг сўзларига қараганда, яқин орада Афғонистонга ўзбек мутахассислари келганидан сўнг, ишнинг аниқ механизми танлаб олинади ва ҳар йили Ўзбекистонда ўқийдиган Афғонистон фуқаролари сони белгилаб қўйилади.

Ўтган йили республиканинг Сурхондарё вилоятида афғон фуқароларини ўқитиш бўйича таълим маркази тузилган эди. Умумий сони 110 кишидан иборат бўлган афғонистонлик биринчи талабалар гуруҳини у шу йил январь ойи охирида қабул қилди.

Марказ олий, ўрта-махсус касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлашни амалга оширади, шунингдек, гуманитар, педагогик ва инженер-техник йўналишлари бўйича қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш билан шуғулланади.

XS
SM
MD
LG